“Марказий Осиё – Корея Республикаси” 15-ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Сеул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов “Tʻway Air” авиакомпанияси катта витсе-президенти Ким Хюнг Йи билан учрашди.
“Марказий Осиё – Корея Республикаси” 15-ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Сеул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов “Tʻway Air” авиакомпанияси катта витце-президенти Ким Хюнг Йи билан учрашди. Мулоқотда икки давлат фуқароларининг ўзаро сайёҳлик ва хизмат сафарларига ортиб бораётган талабини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида авиақатновларни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Корея томонига Ўзбекистонда туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида қаралиши айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда қисқа вақт ичида хорижлик сайёҳлар келиши ва сайёҳлик инфратузилмаси объектлари сони сезиларли даражада ошди. Шунингдек, қадимий Самарқанднинг улкан туристик салоҳияти, жумладан, янги қад ростлаган халқаро аеропорт ҳамда замонавий меҳмонхоналар мажмуасига эга “Буюк ипак йўли” халқаро сайёҳлик маркази имкониятларига ҳам эътибор қаратилди. “Самарқанд” халқаро аеропортида “очиқ осмон” тартиби жорий этилган бўлиб, бу халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва парвозлар йўналишларида чекловлар олиб ташланганидан далолат бериши таъкидланди.
Икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин бўлган Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига “Tʻway Air” авиакомпаниясининг парвозларини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги