Ҳукумат комиссияси Андижон вилоятидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини ўрганди
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ўз фаолиятини Андижон вилоятида давом эттирди.
Ташриф доирасида Ҳукумат комиссияси аъзолари енгил саноат коллежи негизида ташкил этилган кўп тармоқли ишлаб чиқариш мажмуаси, “Elegant Shoes And” МЧЖ чарм-поябзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Andijon viloyat HAB” махсус индустриал зонаси каби лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, “Асака узум ва боғлари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 600 гектар токзор, “НИЛ ГРАНИТ” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ип-калава ва пахта матолари ишлаб чиқариш корхонаси, “Xantex Oil” МЧЖга қарашли ўсимлик мойи ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам ташриф буюришди.
Мазкур корхоналар вилоят иқтисодий тараққиётининг локомотивларидан ҳисобланади. Масалан, Ҳукумат комиссияси аъзолари ҳам ташриф буюрган “Сайёра фаввораси” МЧЖда 1000 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, йилига 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинмоқда, “Асакатекстил” МЧЖда 2400 киши ишлайди ва у МДҲ давлатлари, Туркия ва Хитой республикларига йилига 8,7 млн маҳсулот экспорт қилади. “Сабо ҳамкор” мас’улияти чекланган жамияти иссиқхоналарида 600 та янги иш ўрни яратилиб, йиллик экспорт салоҳияти 7 миллион долларни ташкил этади.
Шу куни Андижон шаҳрида Ҳукумат комиссияси раҳбариятининг ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчи корхоналар билан учрашуви ташкил этилди. Унда вилоятнинг 100 нафардан ортиқ тадбиркорлари иштирок этиб, ўз фаолиятида дуч келаётган 135 муаммони билдирди. Асосан, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспорт қилувчиларни тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотлар ажратиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш, турли сертификат ва рухсатномалар олиш, муҳандислик-техник тармоқларга улаш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, 50та масала ечими жойида ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга ижронинг аниқ муддатлари кўрсатилган тегишли мақсадли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунлари бўйича вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига вилоят ишбилармонларини тизимли равишда қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни фаоллаштириш топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги