Мудофаа вазирлигида Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан катта байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Унда мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, масʼул офитсерлар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, коʻп йиллар Ватанимиз тинчлиги ёʻлида фидокорона хизмат қилган истеʼфодаги ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг мудофаа вазири байрам дастурини очиб берди. Баҳодир Қурбонов ўз табрик сўзида мамлакатлар тараққиётга фақат ва фақат илм-фан билан эришаётганини таъкидлаб, мазкур соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини юксак эътироф этди. Қўшинларда ўзининг ижобий самарасини бераётган “Устоз-шогирд” анъанаси бугун ёш офицерлар, сержантлар ва оддий аскарларнинг келгусида етук мутахассис кадрлар бўлиб етишишида дастуриламал бўлаётганига эътибор қаратди. Шунингдек, ҳарбий соҳадаги йилдан-йилга ўсиб бораётган илмий салоҳиятни ҳам юқори баҳолади.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳарбий таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, олий ҳарбий билим юртларининг замонавий ўқув моддий базаси билан бутланди. Таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқилди. Натижада сўнгги 5 йилда ҳарбий илмий салоҳият 4,5 фоиздан 32 фоизга ошди.
Халқимиз азалдан фидойи фарзандларини эъзозлаб, қадрлаб келган. Бугунги байрам дастурида ҳам Мудофаа вазирлиги тизимида самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ишчи-хизматчилар мудофаа вазири томонидан муносиб тақдирланди. Айниқса, улар орасида истеъфода бўлишига қарамай бугунги кунда ҳам она юрт тинчлиги, Ватан равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган собиқ ҳарбий хизматчиларни кўриб, қувонасан киши.
Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонанда ва раққосалари ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар байрам дастурига ўзгача файз улашди. Айниқса, ансамбл хор жамоаси томонидан ижро этилган “Ватан” таронаси барчани бирдек тўлқинлантирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги