Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва тарғиботни амалга ошириш бўйича махсус семинар ташкил қилинди
27 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан шаклда вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ҳамда маҳаллий ҳокимликларда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришни ташкил этиш бўйича ананавий ва масофавий махсус семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар давомида қонунчилик ҳужжатларини давлат органлари ва ташкилотларига етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига етказишда манзилли ва самарали ишни ташкил қилиш юзасидан тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан Ҳуқуқий тарғибот тадбирларини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича махсус электрон портални юритишда йўл қўйилаётган муаммолар таҳлил қилиниб уларни бартараф қилиш юзасидан ечим ва таклифлар илгари сурилди.
Бундан ташқари, семинарда Ҳукумат қарори талаблари асосида давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш мақсадида ҳар 3 йилда бир маротаба махсус портал орқали масофавий бепул ўқиши кераклиги таъкидланди.
Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган 2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ижроси муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги