XI халқаро илмий анжуманда спорт таълимига доир 5 та ҳамкорлик шартномаси имзоланди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2011 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Университет спорти: миллатнинг саломатлиги ва фаровонлиги” мавзусида талабалар ва ёш олимларнинг XI Халқаро илмий анжумани бўлиб ўтди.
Унда Жисмоний тарбия ва спорт университетлари Халқаро Ассотсиатсиясига аъзо Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Молдавия, Беларус, Озарбайжон, Туркия, Руминия каби давлатлардан келган 40 нафарга яқин олим иштирок этди.
Хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан талабалар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини сақлаш ва тарғиб қилиш, талабаларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишида илмий ёндашувлар, янги спорт технологияларини аниқлаш каби бир қатор долзарб мавзулар нуфузли анжуман аҳамиятини янада оширди.
Тадбир якуни билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Ассотсиатсияга аъзо 2 та университет ҳамда 3 та спорт академияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Маълумот ўрнида, Ассотсиатсияга жисмоний тарбия ва спорт соҳасида дунёдаги 61 та етакчи олий таълим муассасаси аъзо бўлиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 2001 йилдан буён аъзо ҳамда ташкилотчи сифатида фаолият юритади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги