Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясининг умумий мунозараларидаги нутқи
Нью-Йорк шаҳри, 2022 йил 24 сентябрь
Ҳурматли Жаноб Раис!
Ҳурматли Бош котиб!
Делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Ушбу юксак минбардан сўзга чиқиш имконияти учун самимий миннатдорчилик билдиришга ижозат беринг.
Цабо Кёрёши Жаноби олийларини Бош Ассамблеянинг 77-сессияси раиси этиб сайлангани билан табрикламоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, Абдуллоҳ Шаҳидга Жаноби олийларга Бош Ассамблеянинг 76-сессияси ишини муваффақиятли бошқаргани учун ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Замонавий дунёда глобал даражадаги чуқур ишонч инқирози, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиши, геосиёсий қарама-қаршиликларнинг кескинлашуви ва блок тафаккурининг қайта тикланиши хавфи кузатилмоқда.
Қуролли тўқнашувлар дунёнинг турли бурчакларида кенгайиши ва кучайиши оқибатида ҳали пандемия оқибатларидан тикланишга улгурмаган халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни беқарорлашмоқда. Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш муаммолари янада оғир тус олаётир.
Глобал иқлим ўзгариши, табиий ва сув ресурсларининг етишмаслиги, юқумли касалликлар тарқалиши можароларнинг кучайиши, гуманитар инқирозларнинг юзага келишига сабаб бўлиб, инсоният ҳаётига таҳдид солмоқда.
Ҳеч бир мамлакат глобал хавф ва қийинчиликлардан қочиб қутула олмайди ёки уларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Инқирозларнинг хавфли спиралидан чиқиш барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорликда кўринади. Дунё янада барқарор, башорат қилинадиган ва гуллаб - яшнаши учун самарали халқаро ҳамкорлик зарур.
Бугунги шароитдан келиб чиққан ҳолда БМТнинг глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги марказий ролини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Ташкилотнинг ўзи ҳам содир бўлаётган ўзгаришларга самарали жавоб бериш учун ривожланиши керак.
Тамаддунлараро ва маданиятлараро мулоқотни ўрнатиш, барчга муаммоларга изчил ёндошувлар ва ечимларни излаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган таҳдидларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик бугун долзарб заруриятга айланиб бормоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусини илгари сурди.
Унинг мақсади халқаро муносабатларда ўзаро ишонч ва барқарорликни тиклашга кўмаклашиш, шунингдек, геосиёсий рақобат, мафкуравий қарама-қаршиликлар ва тортишувлардан холи бўлган кенг мулоқотни йўлга қўйиш орқали бирдамликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш масалаларини 2023 йили Самарқанд форумида БМТнинг юқори даражали вакиллари, сиёсий етакчилар, жамоат, бизнес ва илмий доираларнинг нуфузли арбоблари иштирокида биргаликда кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли дўстлар,
Бу йил мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат демократик жараёнларни чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган.
Стратегия мамлакатимизда ўтган беш йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, Стратегия Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал ва ҳар томонлама амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган.
Хусусан, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш, барча муҳтожларни қамраб олган ҳолда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли даромади ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда.
Бугун Ўзбекистон муҳим сиёсий тадбир – Конституциявий ислоҳотлар арафасида турибди.
Конституцияни янгилашнинг асосий мақсади давлат ва жамият бошқаруви тизимини тубдан ўзгартириш жараёнига барқарор ва қайтарилмас тус бериш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, эъзозлаш, ҳимоя қилиш, унинг дахлсиз ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдир.
Конституцияга "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" ғояси чуқур жорий қилиниши таклиф этилмоқда. Янги Асосий қонун ўлим жазосининг тўлиқ бекор қилинишини, "Миранда қоидаси" ва "Ҳабеас корпус" тамойиллари каби институционал-ҳуқуқий тушунчаларни ва биринчи марта фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини конституциявий равишда мустаҳкамлайди.
Конституциявий тузатишлар жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг манфаатларини кафолатли таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ҳаракат нормаларига айланиши керак. Хусусан, конституциявий асосда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўймаслик, шунингдек, ҳомиладорлик ёки
фарзанд кўриш билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўймаслик.
Бундан ташқари, Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва ҳисобдорликни таъминлайдиган нормаларни киритиш таклиф қилинди.
Асосий қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар халқ муҳокамасида кўриб чиқилади ва референдумга қўйилади.
Хонимлар ва жаноблар,
Биз Бош котиб Антонио Гутерришнинг 2023 йил сентябрь ойида "Келажак саммити"ни ўтказиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Халқаро ҳамжамиятнинг таълим тизимларини эрта тиклаш ва модернизация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга содиқлигини намойиш этган таълимни ўзгартириш бўйича тарихий Саммит арафасида муваффақиятли ўтказганини юқори баҳолаймиз.
Ўзбекистонда ушбу соҳада аниқ натижаларга эришилди. Сўнгги беш йил ичида ёшларнинг олий маълумот олиш даражаси 9% дан 29% гача, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш эса эса 27% дан 67,2% гача ўсди.
Айнан ёшлар ўзларининг тақдири ва келажагига бевосита боғлиқ жараёнларда асосий ўрин тутиши лозим. Шу мақсадда 2023 йили Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлар Кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда. Мазкур тадбир янги ғоялар ва аниқ таклифлар учун майдон бўлишига ишонамиз. Ушбу муҳим форумни ўтказишда БМТнинг қўллаб-қувватлашига умид билдирамиз.
Жорий йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу анжуман умуминсоний, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш учун илғор тажрибаларни алмашишга хизмат қилади.
БМТга аъзо давлатларнинг таълим вазирларини ушбу юқори даражадаги анжуманда иштирок этишга таклиф қиламиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари,
Бугун Марказий Осиёда минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказила бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари механизми минтақавий ҳамкорликдаги янги даврининг ёрқин тимсолига айланди.
Жорий йил июль ойида бўлиб ўтган Маслаҳат йиғилишида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб қатор резолюциялар қабул қилиниши минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги ришталарнинг чуқурлашиб бораётгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини билдиради.
Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда.
Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган халқаро конференция ўтказиш бўйича ташабуссимизни қўллаб-қувватлагани учун Бош котиб Антонио Гутерришга миннатрорлик билдирамиз.
Форум натижаларини инобатга олган ҳолда, биз Глобал стратегияни муваффақиятли амалга ошириш ва янгиланган қўшма ҳаракатлар режасининг бажарилишини доимий мониторинг қилиш мақсадида Марказий Осиёда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли жаноб Раиси
Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқдир.
Биз чуқур гуманитар инқирозни бошдан кечираётган ушбу мамлакатга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирдамиз. Афғонистоннинг мавжуд муаммолар қуршовида яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳимдир. Бу, шубҳасиз, минтақавий ва халқаро хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Жорий йил июль ойида Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирокида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакатга нисбатан изчил ёндашувларни ишлаб чиқишдан манфаатдорлигини кўрсатди.
Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, унинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга қўшилиши, инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор йўъналиши бўлиши керак. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг кўмаги зарур.
Ўзбекистон Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Чегарадош Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда унинг имкониятларидан кенг фойдаланмоқдалар.
Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этишни таклиф қиламиз. Жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий йил июль ойида қабул қилинган "Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида"ги резолюцияда Афғонистонни иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш, уни икки минтақани боғлайдиган кўприкка айлантириш устувор ўрин тутади.
Мазкур ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши учун "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар" темир йўлини қуриш каби трансминтақавий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши лозимдир.
Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этиш муаммоларини ҳал этишга Ўзбекистон томонидан БМТ кўмагида Тошкент шаҳрида Ўзаро боғлиқлик бўйича минтақалараро марказ ташкил этилиши ҳам кўмаклашади.
Ҳурматли сессия иштирокчилари,
Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари минтақамизда кескин намоён бўлмоқда.
Биз "яшил" кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини жиловлаш борасидаги кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
Ўзбекистон Париж келишуви доирасида иссиқхона газларини камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олгани, "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегияни амалга ошираётир.
Ўтган йили Ўзбекистон Президенти "Яшил макон" номли кенг кўламли ташаббусни илгари сурди. Унинг доирасида келгуси беш йил ичида бутун мамлакат бўйлаб 1 миллиард дарахт ва бута экиш кўзда тутилган.
Минтақамизнинг катта экологик муаммоси Орол денгизи. Сўнгги 5 йил ичида қуриган денгиз тубида 1,7 миллион гектар ўрмон плантациялари ётқизилди.
Фурсатдан фойдаланиб, мен Бош Ассамблеяга Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилгани учун миннатдорлик билдираман.
Жорий йил якунига қадар БМТ шафелигида Нукусда биринчи Оролбўйи халқаро форумини ўтказиш режалаштирилган.
2023 йили Ўзбекистонда илк маротаба БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси томонларининг 14-конференциясини, шунингдек Чўлланишга қарши Конвенцияни амалга оширишни кўриб чиқиш бўйича Қўмитанинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.
БМТга аъзо давлатлар ва тузилмаларни ушбу тадбирларда юқори даражада иштирок этишга таклиф қиламиз.
Ҳурматли жаноб Раис,
Бу йил халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун ягона универсал тузилма бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ўзбекистон бўлганинга 30 йил тўлди.
Ўзбекистоннинг БМТ Низомига содиқлигини тасдиқлаймиз ва Ташкилот билан ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигимизни билдирамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги