Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мўғулистон Президенти Самарқандга келди
2022-09-14 | ШҲТ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирларида иштирок этиш учун 14 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига келди.
Олий мартабали меҳмонни аэропортда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Сўнг Мўғулистон Президенти Ҳазрати Хизр мажмуасига келиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ухнаагийн Хурэлсух саммит доирасида хорижий давлатлар раҳбарлари билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон 2004 йилдан бери Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи давлат ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти