Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2022-09-14 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жорий йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ–6314-сон Фармонига мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда – Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш жараёнларини мувофиқлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини юритиш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) назорат қилувчи органлар:

“хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;

тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;

тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, “очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади;

б) тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:

текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;

текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;

улар Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида;

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.

4. Адлия вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси ва назорат қилувчи органлар билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат назорати функциялари ва текширувларни қисқартириш бўйича таклифларни Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгашига киритсин.

5. Назорат қилувчи органлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга:

бир ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳавола қилган ҳолда мажбурий талаблар рўйхатини;

мажбурий талаблар ўзгарган тақдирда, ўзгартириш киритилган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда янгиланган мажбурий талаблар рўйхатини тақдим этсин.

6. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ–6314-сон Фармони талабларига мувофиқ, “Ягона давлат назорати” тизимида давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрлари лозим даражада (долзарб) ва барча учун очиқ ҳолатда юритилишини таъминласин.

7. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартибини, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг “хавфни таҳлил этиш” тизимларига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқласин.

9. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов ҳамда назорат қилувчи органлар раҳбарлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться