ШҲТ мамлакатлари экспертлари ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилади
Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-експерт форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Хорижий иштирокчиларни онлайн улаш орқали гибрид форматда ташкил этилган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқотда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик, идоралари, илмий-академик ва таҳлилий доиралари вакилларидан иборат 30 нафардан зиёд етакчи экспертлар қатнашди.
Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов онлайн иштирок этди.
Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 17 сентабр куни ШҲТнинг Душанбе саммитида илгари сурилган эди.
Хусусан, пандемия ахборот маконида кибер жиноятлар кескин кўпайишига олиб келди. Экспертлар фикрича, 2021 йил дунёда кибер ҳужум сони 2020 йилдагига нисбатан 50 фоиз ортиб, кибер жиноятдан кўрилган зарар 2015 йилдаги 3 триллион доллардан 6 триллион долларга ўсди.
Салбий тенденциялар ШҲТга аъзо мамлакатлардан кибер маконни ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга комплекс ёндашувлар ишлаб чиқишни талаб этади.
2021 йил ШҲТнинг Душанбеда ўтган юбилей саммити якуни бўйича Ўзбекистоннинг фаол иштироки асосида ишлаб чиқилган 2022-2023 йилларга мўлжалланган халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ШҲТ мамлакатларининг биргаликдаги ҳаракатлари режаси тасдиқланган.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг ушбу форумни ўтказиш бўйича ўз вақтида илгари сурган муҳим ташаббуси иштирокчиларга ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги хавф-хатарларга қарши курашишга оид ягона сиёсатни шакллантириш бўйича аниқ таклифлар, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, ШҲТ мамлакатлари фуқаролари ахборотдан эркин ва ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни келишиб олиш имконини берди.
Айни кенг қамровли масалаларни кўриб чиқиш учун форум кун тартиби 3 мавзуга оид сессияга бўлинди:
1. Ахборотдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш – замонавий жамиятни ривожлантиришнинг муҳим омили.
2. Ахборий-ғоявий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш.
3. АКТ жадал ривожланиши шароитида нозик ахборот инфратизими об’ектларини ҳимоя қилиш.
Умуман, мазкур тадбир минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот ва кибер макондаги хатарларга қарши кураш борасидаги салоҳиятини ошириш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги