Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сессиясида иштирок этди

2022-08-26 | Сиёсат

Нукус шаҳрида 26 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Уни Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Атабек Давлетов олиб борди. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланди. Унга кўра, иккита ташкилий масала кўрилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов бетоблиги сабабли ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш бўйича ариза билан мурожаат қилган.

Бу масала овозга қўйилди ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ,  Жўқорғи Кенгес Раиси Мурат Камаловнинг ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, бу лавозимга номзод депутатлардан иборат Оқсоқоллар кенгаши томонидан тавсия этилади. Шу боис Оқсоқоллар кенгаши тузилди.

Кенгаш аъзолари маслаҳатлашиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Оринбаев Аманбай Тлеубаевич номзодини тавсия этди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзида Президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта Қорақалпоғистонга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқот қилганини таъкидлади.

Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошди. 2017-2021 йилларда 26 минг 400 та турар-жойлар барпо этилди.

Аммо шунча саъй-ҳаракатларга, Қорақалпоғистонга ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби масалаларда муаммолар сақланиб қолаётгани танқид қилинди.

Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал унинг муаммоларни ҳал қилиш ва ҳудудни ривожлантириш бўйича режаларини эшитишни таклиф қилди.

Номзод Қорақалпоғистонда тадбиркорликни, аграр соҳани ва инфратузилмани ривожлантириш, саноат лойиҳаларини кўпайтириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларини баён этди.

Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш учун фақат Қорақалпоғистон учун фойда солиғи, айланма солиқ, мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 баробар қисқартиришга кўрсатма берди.

Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, ҳар бир оилага 2 гектардан ер ажратиш, Нукус шаҳрида саноат технопарки ва туманларда тадбиркорлик зоналари ташкил этиш, йўлларни таъмирлаш, электр, газ ва сув таъминотини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Аманбай Оринбаевнинг раҳбарлик қобилияти, ватанпарварлиги ва инсоний фазилатларини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.

- Сизнинг биттаю битта вазифангиз - халқни рози қилиш. Ҳар бир туман, қишлоқ ва овулларга кириб бориб, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади.

Саноқ комиссияси тузилди. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Аманбай Оринбаев сайланди.

- Мана, юксак ишонч, катта умидлар билан янги Раис сайладик, - деди Президент. - Энди у адолат, садоқат, масъулият ва тартиб-интизомни ўз фаолиятига мезон қилиб олиши керак. Халқимиз бағрикенг. Ватан ягона! Бирлашсаккина олдимизга қўйган улкан-улкан марраларга албатта етамиз.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сессияси якунланди.

Манба: ЎзА

Поделиться