Жорий этилган my.gov.uz, ijro.gov.uz, pm.gov.uz, project.gov.uz, regulation.gov.uz каби қатор ахборот тизимлари орқали аҳоли ва тадбиркорларни рози қилиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни ошириш бўйича масалалар муҳокама этилди
Жорий этилган my.gov.uz, ijro.gov.uz, pm.gov.uz, project.gov.uz, regulation.gov.uz каби қатор ахборот тизимлари орқали аҳоли ва тадбиркорларни рози қилиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни ошириш бўйича масалалар муҳокама этилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов мамлакатимизда рақамли технологияларни жорий этишда бевосита иштирок этаётган вазирлик, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг шу масалада мас’ул бўлган раҳбарлари билан видео селектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишдан асосий мақсад – Президент томонидан белгиланган топшириқ, яъни барча соҳаларда рақамлаштиришни биринчи навбатдаги вазифалар қаторига олиб чиқишдир.
Бугунги видео селектор йиғилишида белгиланган топшириқларни босқичма-босқич амалга ошириш орқали Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш, аҳоли ва давлат органлари оғирини енгил қилиш, харажатларини қисқартириш, коррупцияни ёқотиш ҳамда ёшларни юқори даромадли иш билан та’минлаш каби йирик мақсадлар кўзлангани айтиб ўтилди.
Таҳлилларга асосланиб ўтказилган ушбу йиғилишда, охирги 5 йилда қатор вазирлик ва идоралар билан бирга, жорий этилган ахборот тизимларининг имкониятларидан самарали фойдаланмаётган ёки уларни доимий ишлаб туриши учун мас’ул бўлган ташкилотларга аниқ чоралар кўриш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари томонидан белгиланган вазифаларни бажаришда камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди. Бу масалада йўл қўйилган камчиликларни вақтида бажариш учун аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бири аҳоли ва тадбиркорларга электрон давлат хизматларини кўрсатишдир. Шу мақсадда жорий йилда аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ оммабоп электрон хизматлар жорий этилиб, уларнинг сони 340 тага етказилди.
Натижада, фойдаланувчилар сони йил бошидан 900 мингтага кўпайиб, 2 миллионтага етди. Жорий йилда 6 миллион 200 минг электрон хизмат кўрсатилиб, аҳолининг 21,6 миллиард сўми иқтисод қилинди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субектларига ушбу хизматлар доимий равишда (7/24 режимида) тақдим этилиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланган 30 дан ортиқ мутасадди идораларнинг 150 га яқин веб-сервислари ишлаб туриши лозим.
Бироқ бугунги кунда техник узилишлар туфайли бир қатор давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланиб қолмоқда ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, йиғилишда Ягона портал орқали кўрсатилаётган давлат хизматларининг муддатлари бузилаётгани фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлиб, электрон хизматларга бўлган ишончни сустлашишига сабаб бўлаётган кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz)ги мурожаатлар ва аризаларни кўриб чиқиш ҳамда “Ijro.gov.uz” ижро интизомининг идоралараро ягона электрон тизимига уланганлик ҳолати, Президент Виртуал қабулхонасидаги (pm.gov.uz) мурожаатларни ва Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида (project.gov.uz) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳолати ҳам ўрганилиб, муҳокама қилинди.
Юқорида айтиб ўтилган ахборот тизимларининг доимий равишда ишлаб туриши, давлат ва хўжалик органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субеъктларидан келиб тушаётган таклиф ва мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиб, тегишли муносабат билдирилиши амалга оширилаётган ислоҳотлар орқали кўзлаган мақсадларга тезроқ етишиш учун хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги