2022 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Наиф ал-Ҳажраф билан учрашди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва унга аъзо мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашиб, янги амалий мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди.
Илгари эришилган келишувлар, жумладан, 2021 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибияти ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар механизми бўйича Англашув меморандуми доирасидаги келишувларни амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди. Н.Ҳажраф Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Ўзбекистонни минтақадаги асосий давлатлардан бири деб билишини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолашини таъкидлади. Кенгашнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишида мавжуд улкан салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ҳамда томонларни қизиқтирган барча соҳаларда алоқаларни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар коʻришга тайёрлиги таъкидланди.
Бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Икки минтақа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ” стратегик мулоқотининг жорий йилдаги биринчи йигʻилишига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий долзарб масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини ижобий баҳолади. Ўбекистон томонидан ушбу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар муҳимлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва Саудия Арабистони аъзолари бўлган минтақавий ташкилот ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги