Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Спорт курашларининг Олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

2022-08-01 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–127-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, спорт курашларини олимпия спорт турлари сифатида оммалаштириш, ёшлар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар 2022-2024 йилларда спорт курашларининг олимпия турларини (эркин кураш ва юнон-рум кураши) (кейинги ўринларда – спорт курашлари) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

спорт курашларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни, шу жумладан, спортчи аёлларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

хотин-қизларнинг спорт курашлари билан шуғулланиши ва профессионал спортчи бўлиши учун уларни жалб қилиш бўйича кенг ташкилий-амалий ва тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш;

спортчиларни замонавий илмий-методик тавсиялар асосида тайёрлаш орқали ўқув-машқ жараёнини ташкил қилиш, уларнинг назарий тайёргарлик ва техник-тактик кўникмаларини такомиллаштириш, профессионал маҳоратини шакллантириш, бу борада натижадор хорижий тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни таклиф қилиш;

Бирлашган кураш дунёси тренерлари ва ҳакамларини ўқитиш дастурларидан фойдаланиш орқали профессионал тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли асосда ошириб бориш;

спорт курашлари бўйича маҳаллий ва халқаро мусобақаларни тизимли равишда ташкил қилиш, халқаро мусобақаларда иштирок этиш, шу жумладан, Олимпия ва Осиё ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни қўлга киритиш ва ҳар Олимпия ва Осиё ўйинлари циклида уларнинг сонини кўпайтириб бориш;

спортчиларнинг профессионал маҳоратини ва тренерларнинг касбий малакасини ошириш учун спорт курашлари бўйича хорижий мактаблар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш, спорт курашларини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш.

2. Спорт курашларининг олимпия турларини 2022-2024 йилларда кенгроқ ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган маблағлар;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари;

спорт федерация (ассоциация)лари, жамғармалар, клублар, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда спорт курашлари бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида навбатма-навбат республиканинг барча ҳудудларида (олимпия ва халқаро вазн тоифалари бўйича):

ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро спорт мусобақалари;

ўсмирлар ўртасида “Uzbekistan-Grand Prix” халқаро спорт мусобақалари;

катталар ўртасида “New Uzbekistan” халқаро спорт мусобақалари;

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида “Вазир кубоги”, Давлат хавфсизлик хизмати тизимида “Раис кубоги”, Миллий гвардия тизимида “Қўмондон кубоги”, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги”“Вилоят ҳокими кубоги” ва “Тошкент шаҳри ҳокими кубоги” мусобақалари ўтказилади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Махмудов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов), Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси (С.Абдувалиев), тегишли масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

уч ой муддатда ушбу бандда кўрсатилган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;

халқаро спорт мусобақалари 2023 йил 1 январдан бошлаб спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига киритилишини таъминласин;

халқаро спорт мусобақаларида маҳаллий курашчилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган чет эллик кучли курашчилар, халқаро даражадаги тренерлар ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин;

юқоридаги мусобақаларни ўтказиш жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳамда бошқа коммуникация манбаларида кенг ёритсин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги (Б.Ибрагимов) юқоридаги мусобақаларни туристик маршрутлар объектлари рўйхатига киритсин, уларга хорижий ва маҳаллий туристларни жалб этиш чораларини кўрсин.

4. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

ўз тизимларида фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида уч босқичли (туман/шаҳар, вилоят ва республика) “Вазир кубоги”, “Раис кубоги”, “Қўмондон кубоги”, “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги”, “Вилоят ҳокими кубоги” ва “Тошкент шаҳри ҳокими кубоги” спорт мусобақалари ўтказилишини таъминласин, шунингдек, ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантириш чораларини кўрсин;

мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро спорт мусобақаларининг юқори савияда ташкил этилишида Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига ҳар томонлама яқиндан ёрдам кўрсатсин.

5. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг:

ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим ташкилотлари ўқувчи ва талабалари ўртасида уюштириладиган “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт мусобақаларининг дастурларига спорт курашларини киритиш;

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт курашлари бўйича ўқишга қабул қилишнинг амалдаги давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириб бориш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

6. Спортни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Махмудов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Қосимов) ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси (С.Абдувалиев) билан биргаликда:

а) 2023 йилдан бошлаб:

спорт мактаблари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида спорт курашларининг камида битта тури бўйича, шунингдек, ихтисослаштирилган спорт мактабларида спорт курашларининг иккита тури бўйича секция ва бўлимлар ташкил этсин. Бунда мазкур секция ва бўлимларни ташкил қилишга собиқ болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиалларини мақбуллаштириш ва улар ходимларини қисқартириш натижасида бўшаб қолган бюджет маблағлари йўналтирилади;

спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари ғолиблари ва совриндорларининг (1-3-ўринлар), қоида тариқасида, биринчи навбатда халқаро спорт мусобақалари ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишини таъминласин;

спорт курашлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари ва уларнинг захира таркибларининг маҳаллий спортчилардан шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратсин;

спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида иштирок этадиган спортчиларнинг натижалари хорижий малакали ҳакамлар томонидан баҳоланишини йўлга қўйсин;

б) спорт курашлари бўйича миллий терма жамоаларнинг бош тренерлари иштирокида ҳудудларда йил давомида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш сифатини янги босқичга кўтаришга қаратилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этсин;

в) замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда тренер, ҳакам ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинарлар, маҳорат дарслари, ўқув машғулотлари ташкил этсин.

7. 2022-2024 йилларда спорт курашларининг олимпия турларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ва Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари тўлақонли фаолият юритиши учун зарур чораларни кўрсин, шу жумладан, уларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашсин;

аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт курашларини оммалаштириш мақсадида туман (шаҳар) ва вилоят миқёсида ҳаваскорлар ўртасида спорт курашлари бўйича мусобақаларни мунтазам ташкил қилсин ва ушбу мақсадлар учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан маблағ йўналтирсин;

2022-2023 йилларда ҳар бир туман (шаҳар)да спорт курашлари бўйича ҳаваскор ва профессионал спортчилардан иборат бўлган клубларни ташкил қилсин;

маҳаллий ёш тренерлар ва истиқболли спортчиларнинг спорт курашлари бўйича хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинлари ва спорт мусобақаларида иштирок этиши билан боғлиқ жараёнларни тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирсин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов):

спорт курашлари бўйича ўтказиладиган жаҳон, қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларни, шу жумладан, Ўзбекистонда ўтказиладиган вилоят ва республика биринчиликлари ҳамда халқаро спорт мусобақаларини мунтазам равишда ёритиш чораларини кўрсин;

мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид теле- ва радио дастурлар, спортчиларнинг профессионал фаолияти ҳақида махсус кўрсатувлар ва мақолалар тайёрласин, ўтказиладиган брифинг ва пресс-конференцияларни ёритиб борсин.

10. Миллий антидопинг агентлиги (А.Садиков) бир ой муддатда спорт курашлари бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи дастурни тасдиқласин ва амалиётга жорий қилсин:

спортчилар ва тренерларни “шаффоф спорт”га тарғиб қилиш;

спортда фармакологик таъсирга эга дори препаратлари ва бошқа моддалардан тўғри фойдаланиш борасида спортчилар, тренерларнинг маданияти ва саводхонлигини ошириш тадбирларини ўтказиш;

спортчиларни антидопинг мавзуларига оид тегишли ўқув-ахборот материаллари ва турли кўргазмали маълумотлар билан таъминлаш;

спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали антидопинг назоратини амалга ошириш.

11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов, спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Ш.Ш. Махмудов ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси С.К. Абдувалиев белгилансин ва уларга қуйидаги вазифалар юклансин:

иқтидорли ёшларни танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спорт курашчилари сифатида тайёрлаш ишларини самарали ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш;

ҳудудларда спорт курашлари инфратузилмасини барпо этиш ва кенгайтириш бўйича инвестиция ва грант маблағларини жалб қилиш, бошқа зарур чора-тадбирларни белгилаш;

спорт курашларини таълим муассасалари, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини ошириш;

спорт курашлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, ушбу йўналишда халқаро ва чет эл ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш;

2022-2024 йилларда спорт курашларининг олимпия турларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига тўлақонли эришиш;

ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини ҳар ярим йилда камида бир марта танқидий муҳокама қилиш, зарур чора-тадбирларни белгилаш.

12. Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 29 июль

Манба: ЎзА

Поделиться