Инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича жорий вазифалар белгилаб берилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж. Ходжаев раҳбарлигида видеоконференсалоқа тарзида республикада инновацияларни жорий қилишга қаратилган фаолиятнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Мулоқотда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчилар диққат марказида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегиясининг бажарилиши бўлди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан тасдиқланган ушбу дастурий ҳужжат аниқ мақсадли параметрларни ўз ичига олганлиги таъкидланди. Хусусан, 2026 – йилда Ўзбекистон дунёнинг энг Инновацион 50 мамлакат рўйҳатига кириши, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида 1700 дан ортиқ Инновацион лойиҳалар амалга оширилиши, Инновацион фаолият субъектлари сони 613 тадан 2250 тага, Инновацион инфратузилма субъектлари сони эса 3 баравар кўпайиши кутилмоқда. Шунингдек, инновацияларни жорий этишни назарда тутувчи инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яратилаётган янги иш ўринлари сони 4 баробар ошиши назарда тутилган.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун тадбиркорлар, тармоқ бирлашмалари, илмий-тадқиқот институтлари ва таълим марказлари ўртасида тизимли ҳамкорликни йўълга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида мутасадди раҳбарлар Инновацион дастурларни шакллантириш доирасидаги асосий вазифаларнинг бажарилиши ҳақида хабар беришди. Стратегияда назарда тутилган вазифаларни бажариш муддатлари билан боғлиқ бўлган юқори технологияли Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича манзилли топшириқлар берилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбариятига "Инновацион бошқарув", "Лойиҳаларни бошқариш", "Тижоратлаштириш", "Интеллектуал мулкни бошқариш" йўналишлари бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида масъул ижрочиларга тегишли йўналишлар бўйича қўшимча топшириқлар берилди ва ижро муддатлари белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги