Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун тренинг ўтказилди
2022-07-26 | Иқтисодиёт
Тренерлик қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу касб ўзига хос санъат. Зеро, касбий билим билан бир қаторда тингловчилар билан алоқа ўрнатиш, талабаларни қизиқтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини тўғри йўналтиришга ҳаракат қилиш ҳам бирдек муҳим.
Cоҳада тўпланган билимни самарали усулда тарқатиш муҳим аҳамият касб этади, чунки Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалигида банд.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси учун профессионал тренерларни тайёрлаш мақсадида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Тошкент вилоятида “Тренерлар учун тренинг” ташкил этилди.
«Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилган анжуманда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, соҳа олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари иштирок этди.
– Мақсадимиз ёш олимлар, тадқиқотчи ва ўқитувчилардан яхши мураббийлар тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш, – деди CACILM-2 лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Иштирокчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тренинглар ўтказиш, мақсадли аудитория билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан таништирдик.
Тренинг давомида иштирокчилар ўқитишнинг интерфаол усулларини ўрганди. Турли машғулотларга тайёргарлик кўриш усуллари кўриб чиқилди, расмий ва норасмий таълим ўртасидаги фарқ муҳокама қилинди.
Қайд этиш керак, машғулотлар назарий ва амалий қисмлардан иборат бўлиб, унда иштирокчилар нотиқлик маҳорати. Тренинг натижасида иштирокчилар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжини мустақил аниқлаш, мураббийлик ёндашувидан фойдаланган ҳолда махсус ўқув модулларини ишлаб чиқиш ва ташкил этишни ўрганди, дейиш мумкин.
Семинар-тренинглар ўтказиш CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг мақсад ва вазифаларига мос келиши таъкидланди. Шулардан бири – шўрланиш ва қурғоқчиликни камайтиришга қаратилган ёндашув ҳамда технологияларни кенг жорий этиш бўйича манфаатдор томонларнинг малакасини ошириш.
Дарвоқе, жорий йил 22 июль куни лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида ердан фойдаланиш масалаларига бағишланган навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари вакилларининг ер муносабат, ерга эгалик қилиш ва бошқариш масалалари бўйича билимларини оширишга қаратилди.
Йиғилиш чоғида қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий асоси, ер тузишнинг ташкилий тузилмаси, ерга эгалик қилиш шакли, шунингдек, ернинг тупроқ унумдорлигига таъсири каби мавзуларда маъруза ва тақдимотлар қилинди.
Манба: ЎзА