Ўзбек-Қирғиз ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди
Жорий йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж. Ходжаев Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Б. Торобаев билан видеоконференсалоқа тарзида музокаралар ўтказди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Маълумот учун: 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 953,5 миллион доллардан, 2022 йилнинг биринчи ярмида эса 590 миллион доллардан ошди (ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39% ташкил қилди).
Учрашувда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар батафсил кўриб чиқилди. Ҳусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қирғиз капитали асосида 289 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан 129 таси - қўшма ва 160 таси юз фоиз хорижий капиталга эга корхонадир. Энергетика, енгил саноат, фармацевтика, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллар ва базальт толаси ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга тайёрлик билдирилди.
2022-2025 йилларда икки мамлакат ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурига киритилган ҳамкорликнинг бошқа устувор йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларнинг ҳаётга жорий этилишини қўллаб-қувватлашга ўзаро содиқлик билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги