ИТСВда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик қилиши доирасида ўтказиладиган Ҳудудлар раҳбарлари форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида жорий йилнинг 3-4 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ҳудудлари раҳбарлари форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Брифинг чоғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов тадбирнинг мамлакатимиз учун аҳамиятли эканлиги ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик қилиши доирасида ўтказилаётган мазкур Форум ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун ҳудудлар даражадаги мулоқот майдончасига айланиши кўзда тутилган.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ШҲТга аъзо давлатларнинг 2020 йилда Москва ва 2021 йилда Душанбеда бўлиб ўтган саммитларида илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида ўтказилмоқда.
Ўзбекистоннинг сўнгги беш йил ичидаги янги ташқи сиёсат стратегияси ШҲТ фаолиятида яққол намоён бўлди. Хусусан, пандемияга қарамай, Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида ижобий иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 2021 йилда ўтган йилга нисбатан 23,6% га ошиб, 21,1 млрд долларни ташкил қилди.
Форумнинг асосий мақсади савдо-иқтисодий, Инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш экани таʼкидланди.
Ушбу кенг кўламли тадбирда ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат органлари, маъмурий - ҳудудий бирликлар раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари қатнашади. Форум доирасида туризм, маданий-гуманитар ҳамкорлик ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда панел мунозаралари ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, давра суҳбати тарзида Бизнес-форум ва ишбилармон доиралар вакилларининг Б2Б учрашувлари ўтказилади. Тўғридан-тўғри муносабатларнинг ушбу шаклдаги алоқалари компаниялар раҳбарларига ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини белгилаш имконини беради. Шунингдек, Инвестициялар мамлакатимизнинг саноат салоҳияти билан танишиш учун Ўзбекистоннинг қатор вилоятларига ташриф буюриши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги