Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдирдилар ва икки томонлама ҳамкорликда катта салоҳият мавжудлигини қайд этдилар
2022-07-15 | Сиёсат
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов бўлиб ўтган музокаралар тўғрисидаги фикрлари билан бўлишдилар.
Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентининг ташрифи халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган биродарлик ришталари тарихида муҳим босқич эканини таъкидлади.
– Бугун биз Сердар Гурбангулиевич билан мазмунли, очиқ ва батафсил музокаралар ўтказдик, улар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни янги, янада юқори даражага олиб чиқади, - деди Президентимиз. – Биз икки томонлама кун тартибидаги барча долзарб масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилдик. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдик, бу борада катта ютуққа эришилганини қайд этдик. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва гуманитар йўналишларда биргаликдаги ишимизнинг устувор жиҳатларини белгилаб олдик.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши эканини қайд этди.
Кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг мустаҳкамланишига Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳиссаси беқиёс экани алоҳида таъкидланди.
– Бугун Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ушбу чуқур ўйланган сиёсатни давом эттираётганидан биз, Ўзбекистон чин дилдан хурсандмиз, - деди мамлакатимиз етакчиси.
Шавкат Мирзиёев музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидаги барча масалалар батафсил кўриб чиқилганини қайд этди.
Қатор истиқболли йўналишлар бўйича, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, чегараолди савдо зонасини ташкил этиш, қўшма лойиҳа офисини очиш юзасидан қабул қилинган қарорлар музокараларнинг муҳим натижаси бўлди.
Автомобилсозлик, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Шу мақсадда ўрта муддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Ҳудудлар ўртасида тизимли мулоқотни ривожлантириш ҳам Ўзбекистон-Туркманистон шериклигига янги суръат бағишлайди. Куни кеча Бухорода муваффақиятли ўтказилган биринчи Ҳудудлар форуми ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини яққол кўрсатди. Унинг якунида умумий қиймати 450 миллион доллардан зиёд бўлган аниқ шартнома ва келишувлар имзоланди.
Парламентлар – Олий Мажлис ва Миллий Кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик самарали кечаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ҳар доимгидек, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокаралар диққат марказида бўлди. Илмий ва академик алмашинувларни ривожлантириш, инновациялар соҳасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувга эришилди.
Бундан буён ҳам Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти ва кино кунларини ўтказиб бориш, туризм соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга қарор қилинди.
Музокараларда минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг муҳим аҳамияти қайд этилди.
– Марказий Осиёда минтақавий жараёнлар ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши минтақадаги барча мамлакатларнинг тараққиёти ва равнақига хизмат қилишига қатъий ишонаман, - деди Ўзбекистон Президенти.
Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбарлари ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши мақсадида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирдилар.
БМТ, МДҲ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида фаол мулоқотлар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Туркманистон томонини Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда кўрсатган фаол кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари туркманистонлик ҳамкасбини Самарқандда ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф этди.
– Кўп қиррали Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон бизнинг муҳим сиёсий ҳамкоримиздир. Бугун савдо-иқтисодий шериклик масалалари батафсил муҳокама қилинди, уни кенгайтириш ва диверсификация қилишга иккала томон ҳам тайёр экани тасдиқланди, – деди Сердар Бердимуҳамедов.
Якунда давлат раҳбарлари кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш ва кенгайтириш, уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва равнақи йўлида аниқ ва самарали натижаларга эришишга қатъий интилишларини таъкидладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти