Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон — Туркманистон: асрлар синовидан ўтган дўстлик
2022-07-14 | Сиёсат
Ўзбекистон умумтарихий илдизлар, ягона дин, тил, маданият, анъана ва урф-одатлар ўхшашлигига асосланган муносабат ила боғланган Туркманистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратади.
Асрлар мобайнида тинч, ўзаро келишиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаб келаётган икки қардош халқ ўртасидаги муносабат кейинги йилларда янада мустаҳкамланди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, давлатларимиз ўртасидаги кенг қиррали шериклик теран, кўп асрлик қалин дўстлик, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшнилик тамойили асосида муваффақиятли ривожланмоқда.
Ўзбекистон — Туркманистон ҳамкорлиги ўсиш суръатини тасаввур қилиш учун атиги бир неча маълумотни келтириш кифоя. Масалан, 2016 йилдан буён давлат раҳбарларининг ўзаро 13 ташрифи амалга оширилди. Фақат 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари 6 марта телефон орқали суҳбатлашди. Айни пайт бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш жуда муҳим: бу боғланишлар шунчаки расмиятчилик юзасидан, протокол хусусиятига эга эмас. Барча ташриф, учрашув ва сўзлашувлар доим аниқ, амалий мазмун билан бойитилган, кун тартибидаги икки ва кўп томонлама энг долзарб масалалар муҳокама этилган.
Бугунги кунда изчил, ўзаро манфаатли хусусият касб этган, юқори ўсиш суръатини олган икки қардош мамлакат муносабатининг жорий ҳолатига Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга 2017 йил март ойиида амалга оширган илк хорижий ташрифи пухта пойдевор қўйган эди.
Очиқ, ўзаро ишонч сингдирилган мулоқот ўрнатилиши, шунингдек, икки мамлакат Президентлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик барча йўналишлардаги муносабатни янада кенгайтириш учун асос яратди.
Олий даражадаги мулоқотларнинг энг муҳим натижаларидан бири томонларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик бўйича мавжуд улкан салоҳиятини босқичма-босқич юзага чиқариш имконини яратган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома бўлди. Икки томонлама шерикликни келгусида янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш, табиийки, минтақада тинчлик, барқарорлик ва умумий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Тошкент — Ашхобод ташқи сиёсат майдонида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, БМТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ), ИҲТ ва бошқа қатор тузилмалар доирасида биргаликда изчил иш олиб бориб, фаол мулоқотни давом эттирмоқда.
Томонларнинг Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади. Дарвоқе, ушбу форматдаги сўнгги саммит 2021 йил августда Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган эди. Муҳими, айнан ўша тадбирда Туркманистон раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг илк йиғилиши, Иқтисодий форум, маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ва минтақа давлатлари санъат усталарининг биргаликдаги концерти ўтказилган.
Мамлакатларимиз муносабатида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари туфайли шерикликнинг мазкур йўналишига авваллари мисли кўрилмаган суръат бағишланди.
Икки давлат етакчилари томонидан савдо ҳажмини ошириб бориш бўйича белгиланган аниқ вазифалар ижроси ўз самарасини бермоқда. 2016 йил ўзаро савдо-сотиқ кўрсаткичи 200 миллион доллардан сал зиёдроқ эди. 2021 йил якунида эса бу рақам 902 миллион долларни ташкил этди. Қайд этиш жоиз, маҳсулот айирбошлаш авваллари ҳеч қачон бундай даражага кўтарилмаган.
Туркманистон мамлакатимизнинг минтақадаги асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, мева-сабзавот, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, турли хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан эса юртимизга нефть маҳсулотлари, механика жиҳозлари, полимерлар ва бошқа кимё моллари импорти йўлга қўйилган.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда биргаликдаги саноат кооперацияси лойиҳалари, шунингдек, давлатларимиз ҳудудида турли хўжалик соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган қўшма корхоналарнинг салмоқли улуши бор. Масалан, охирги йилларда Ўзбекистонда Туркманистон иштирокидаги корхоналар сони 15 карра ошиб, 11 тадан 160 тага етди. Туркманистон ҳудудида эса “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ сингари Ўзбекистонга тегишли 61 компания иш олиб бормоқда. Чегара олди ҳудудларида савдо-сотиқ, шунингдек, минтақалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар жадал ривожланмоқда, минтақалараро форумлар мунтазам ўтказилмоқда. Жумладан, 2018 йил августда Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари бошчилигидаги делегациялар Дашогуз ва Лебапда бўлди, 2021 йил сентябрда эса Дашогуз ва Лебап вилоятлари вакилларининг Хоразм ва Бухорога ташрифи уюштирилди. Шу ҳафта Ўзбекистон — Туркманистон биринчи минтақалараро форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга Ўзбекистон ва Туркманистон Савдо-саноат палаталари муносиб ҳисса қўшмоқда. Ушбу тузилмалар ҳамкорликда мунтазам равишда икки мамлакат Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ташкил этиб, кичик ва ўрта бизнес вакилларини биргаликда лойиҳаларни амалга оширишга, жумладан, бизнес-форумлар, кооперация биржалари, кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга жалб этмоқда.
Икки томонлама муносабатда транспорт соҳаси ҳам устувор аҳамиятга эга. Туркманистон йил сайин Марказий Осиёнинг асосий транзит давлатига айланмоқда. Ўзбекистоннинг жуда катта ҳажмдаги маҳсулотларини Эрон чегараси ва кейин Форс кўрфази портларига етказиш мазкур мамлакат ҳудуди орқали амалга оширилади. Бундан ташқари томонлар “Ўзбекистон — Туркманистон — Каспий денгизи — Жанубий Кавказ” транспорт йўналиши салоҳиятидан бор имконият даражасида фойдаланиш бўйича биргаликда ишлаяпти. Бу йўлак Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиздаги портларига чиқишини таъминлайди. Икки мамлакат автомобиль ва темир йўллари орқали юк ташиш миқдори босқичма-босқич ошириляпти. Жумладан, 2021 йил Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида темир йўл транспорти орқали 1,7 миллион, автомобилда эса 0,3 миллион, жами икки миллион тонна халқаро юк ташилган. Бу 2020 йил билан солиштирилганда 18 фоиз кўп. Шу билан бирга, рақобатбардошликни ва давлатларимиз ҳудудидан ўтадиган халқаро транспорт йўналишлари жозибадорлигини янада ошириш мақсадида ҳозирги пайтда тарифларни оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини ташиш транзити учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.
Ўзбекистон ва Туркманистон ёнилғи-энергетика соҳасида минтақавий ҳамкорликни тобора мустаҳкамламоқда. Ҳар икки давлат “Туркманистон — Ўзбекистон — Тожикистон — Афғонистон — Покистон” электр таъминоти тармоғи, “Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой” газ ўтказгичи каби минтақавий мувозанатни ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг ҳал қилувчи омиллари сифатида кўрилаётган йирик минтақавий энергетика лойиҳалари бўйича шериклар ҳисобланади.
Маданий-гуманитар шериклик ҳам жадал ривожланмоқда. Бугун икки қадрдон юрт санъати, адабиётига ўзаро қизиқиш беқиёс. Ҳар икки мамлакат фан, таълим ва маданият арбоблари яқин ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудида ташкил этилаётган барча тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбеклар ва туркманлар мислсиз бой маданий ва илмий меросни, анъаналарни асраб-авайлаб келаётган эллар саналади. Буюк адиб ва мутафаккирлар Алишер Навоий ва Маҳтумқули ижоди халқларимизнинг умумий қадриятидир. Икки халқнинг мустаҳкам дўстлиги, ҳамжиҳатлиги ва маданий яқинлиги рамзи сифатида Тошкент шаҳрида бетакрор туркман шоири, файласуфи ва мумтоз адабиёт намояндаси Маҳтумқули номидаги фаровон кўча бошида унинг тимсоли туширилган барельеф қад кўтарди, “Ашхобод” боғи очилди, Ўзбек–Туркман дўстлик уйи муассасаси ва Хоразм вилоятида “Улли ҳовли” мажмуаси ишга туширилди. Ўз навбатида Туркманистон пойтахтида Маҳтумқули кўчаси билан кесишадиган Алишер Навоий кўчаси очилди, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи барпо этиляпти.
Ўзбекистонда яшаётган туркманлар ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароит муҳайё қилинган. Бу жараёнда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшадиган халқ дипломатиясига муҳим ўрин ажратилган. Республикамиз ҳудудларида туркман халқининг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш мақсадида туркман миллатига мансуб аҳоли зич яшайдиган мўъжаз ҳудудларда шерик ташкилотлар билан биргаликда маданий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Жумладан, туркман ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Туркман тили ўқитиладиган мактабларда эса мунтазам равишда адабий кечалар, учрашувлар ва икки қардош халқ маданиятига оид очиқ дарслар ташкил этилмоқда.
Диёримизда фаолияти Республика туркман маданий маркази томонидан мувофиқлаштириладиган 6 та туркман маданий маркази мавжуд.
Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси факультети бор. 2017 йили Нукус шаҳридаги Ажиниёз номли педагогика институтида туркман тилини ўқитадиган педагоглар тайёрлаш факультети очилди. Бугунги кунда Урганч, Қорақалпоқ, Бухоро ва Қарши давлат университетларида, Бухоро давлат тиббиёт институтида, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида Туркманистондан келган талабалар таҳсил оляпти.
Сўнгги йилларда икки мамлакат санъат усталари иштирокида концертлар уюштириш, Ўзбекистон ва Туркманистон томонидан ташкил этилган халқаро ижодий фестиваллар, спорт тадбирларида биргаликда қатнашиш яхши анъанага айланди. Масалан, 2021 йил октябрида “Ипак йўли марвариди” XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Туркман киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Мамлакатимизда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманларнинг маънавий дунёси” китоби ўзбек тилида нашр этилиши Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида жуда яқин дўстона алоқа, давлатлараро самарали мулоқот ўрнатилганини яна бир бор яққол намоён қилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон муносабати ривожланиши билан боғлиқ юқори суръат мамлакатларимизнинг конструктив сиёсий мулоқотини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишини тасдиқлайди.
Ўзбекистон — Туркманистон ҳамкорлиги хусусияти ва томонларнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашга содиқлигидан келиб чиқиб, яқин ва ўрта муддатли истиқболда қуйидаги йўналишлар устуворлик касб этиши мумкинлигини қайд этиш жоиз:
Биринчидан, маҳсулот айирбошлашни ўстириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш. Шубҳасиз, ҳар икки давлат ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва диверсификация қилишдан жуда манфаатдор. Зеро, мамлакатларимиз бу борада фойдаланилмаган улкан имкониятга эга. Бу жараёнга ташриф арафасида имзоланган салмоқли савдо шартномалари, келишувлар тўплами ижросини тўлақонли таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш орқали эришиш мумкин.
Агросаноат мажмуаси, автомобилсозлик ва енгил саноат, транспорт ва алоқа корхоналари ўртасида ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, икки давлат компанияларини Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларида йирик инфратизим лойиҳаларини амалга оширишга жалб этишга иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир муҳим драйвери сифатида қараляпти.
Ўтган йили имзоланган Ўзбек–Туркман чегара олди зонаси – Савдо марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имкон даражасида тезроқ ҳаётга татбиқ этиш ҳам ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Иккинчидан, минтақада транспорт-логистика йўналишларини диверсификация қилиш. Ҳар икки мамлакат Ўзбекистон ва Туркманистоннинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, мамлакатлараро ва ҳудудлараро савдо кўламини кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган транспорт соҳасидаги узвий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан бирдек манфаатдор. Икки мамлакат коммуникация тизимларини интеграциялаш Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудуди орқали ҳар икки томонга юк ташувларини амалга ошириш баробарида Яқин ва Ўрта Шарқ бозорларига қисқа йўл орқали чиқишни ҳам таъминлайди.
Тарифларни янада оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини ташиш транзити учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган тизимли, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳам рақобатбардошликни ва икки мамлакат ҳудудидан ўтадиган халқаро транспорт йўналишлари жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, томонлар Шимол-Жануб субминтақавий транспорт йўлагини узайтирадиган Ашхобод келишувини тўлақонли амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришдан манфаатдор. Бу йўналишларни диверсификация қилиш ва транзит ташувлар миқдорини бир неча карра ошириш имконини беради.
Учинчидан, сув-экология соҳасидаги шериклик бутун Марказий Осиё майдонида фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Замонавий шароитда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларидаги яқин ҳамкорлиги, айтиш мумкинки, ҳақли равишда минтақада энг самарадор ва намунали хусусият касб этган.
2021 йилда қабул қилинган икки давлат Президентларининг Қўшма баёнотида ушбу соҳада очиқ мулоқотни давом эттириш, ўзаро бир-бирини тушунишни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, бу борада адолатли ва омилкор ечимлар топиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.
Шу билан бирга қайд этиш зарур, мамлакатларимиз сув хўжалиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича ижобий тажрибага эга. Бу жараёнда ўтган йили Ҳукуматлараро сув хўжалиги комиссиясини тузиш тўғрисида қўшма битим имзоланиши муҳим ўрин тутади.
Ҳозиргача мазкур комиссия икки марта йиғилиш ўтказди, томонлар конструктив тарзда айни йўналишдаги барча долзарб масалаларни муҳокама қилишди.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг бутун Марказий Осиё учун ягона ва жуда зарур бўлган, минтақа сув манбаларидан оқилона фойдаланиш масалалари билан шуғулланиши кўзда тутилган беш томонлама майдонни қайта тузиш борасидаги қараши ва ёндашуви бир эканини кўриб чиқиш муҳим.
2021 йил августда Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган ОҚХЖ саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма коммюникеда Президентлар янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб бера оладиган, Оролбўйи ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштиришга қаратилган минтақавий лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек, трансчегаравий сув оқимларидаги сувдан, сув хўжалиги, энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва ушбу сув манбаларини асраш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни тўлақонли таъминлай оладиган самарали ва барқарор институционал механизм яратиш мақсадида ОҚХЖ ташкилий тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга тайёр эканликларини изҳор этишди.
Тўртинчидан, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш омилидир. Ушбу йўналишда ташкилотлар, маданият ва санъат арбоблари, тадқиқот марказлари, олий ўқув юртлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқалар муҳим аҳамият касб этади.
Давлатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик, ҳамкорлик ришталарини асраш ва янада мустаҳкамлашдек тарихий масъулиятни ҳис этган ҳолда, ҳар икки томон она тилларимизни, маданият, анъана ва урф-одатларимизни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, мумтоз адабиёт намоёндалари ва замонавий муаллифлар асарларининг ўзаро таржимасини амалга оширишни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор.
Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти, кино кунларини мунтазам ўтказиш, шунингдек, илмий муассасалар, бадиий, театр жамоалари ўртасида фаол алоқа ўрнатиш маданий алмашинувни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, томонлар икки мамлакат ёшларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, ўғил-қизларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қобилиятини, жамият манфаати йўлидаги интилишини рағбатлантиришга йўналтирилган қўшма тадбирлар уюштиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр.
Бешинчидан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига, ушбу мамлакатни фаровон юртга айлантиришга афғон халқининг ўз давлатини сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича танлаган йўлини ҳурмат қилган ҳолда кўмаклашиш.
Бу жараёнда томонлар мазкур мамлакат билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва энергетика алоқаларини сақлаб қолиш, инфратизим лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Афғонистон халқига БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли доирасида ҳар томонлама халқаро гуманитар кўмак бериш зарурлиги борасида умумий тушунчага эга.
Давлатларимиз томонидан Афғонистондаги аҳволни меъёрига келтириш учун ҳам сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти, иқтисодий чоралар кўриляпти. Жумладан, умумминтақавий аҳамиятга молик транспорт лойиҳалари амалга ошириляпти ва ушбу давлат аҳолиси электр энергияси билан таъминланяпти.
“Ҳайратон — Мозори-Шариф” темир йўли, “Акина — Андхой” темир йўл шохобчаси, шунингдек, “Сурхон — Пули-Хумри”, “Керки — Имомназар — Андхой”, “Серхетобод — Ҳирот”, “Работкашан — Қалайнов” ва “Керки — Шибирғон” электр узатиш тармоқлари лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг яққол амалий натижасидир. Мазкур ўта муҳим лойиҳалар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Умуман, Ўзбекистон — Туркманистон муносабати хусусиятлари минтақавий савдони ривожлантириш, транзит-транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳиятни юзага чиқариш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш каби йўналишларда манфаатлар яқинлашуви ўсиб боришида намоён бўлмоқда. Мамлакатлар ҳамкорликнинг, деярли, барча йўналишларига даҳлдор икки томонлама муносабатни ривожлантиришга жуда кўп эътибор қаратяпти ва катта куч сарфлаяпти.
Ўз халқлари манфаати йўлида ҳар икки давлат кўп қиррали шериклик ва маҳсулдор ҳамкорликнинг бор имкониятидан фойдаланиш, мавжуд салоҳиятни тўлиқ юзага чиқаришни кўзламоқда.
Бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ташаббусларни биргаликда илгари суришни изчил мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон етакчиларининг амалий, ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки томонлама ва минтақавий даражада мустаҳкамлаш, минтақада тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлашга бўлган қатъий интилиши, шубҳасиз, бутун Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш омили ҳисобланади.
Анвар НОСИРОВ,
Марказий Осиё халқаро институти директори
Манба: «Янги Ўзбекистон»