Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди
2022-07-13 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясниковични қабул қилди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, инновациялар, миграция ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида ташкилот тузилмалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйганини алоҳида таъкидлади.
Тегишли меморандум ва 2023 йилларга қадар даврга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Бугун Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхати имзоланди.
ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари ижобий суръат билан ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти