Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида

2022-07-08 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, республикада йўловчи ташиш транспорти тизимини ривожлантириш, ушбу йўналишда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ишсизликни қисқартириш ҳамда транспорт хизматлари бозорини ривожлантириш мақсадида:

1. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилсин.

2. Белгилансинки:

а) электрон шаклда расмийлаштирилган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани (кейинги ўринларда – электрон ишончнома) нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди;

б) электрон ишончнома расмийлаштирганлик учун давлат божи унинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда ишончномани нотариал тасдиқлаш учун ўрнатилган давлат божига нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

бир ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз;

олти ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз;

уч йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз.

в) электрон ишончнома мавжудлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мобил қурилмалар орқали текширилади;

г) электрон шаклда расмийлаштирилмаган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларга нисбатан амалдаги нотариал тасдиқлаш тартиби сақлаб қолинади.

3. Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларнинг икки йилда бир марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинсин.

4. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинсин ҳамда уларни давлат солиқ хизмати органлари ахборот тизимлари орқали электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилсин.

Давлат солиқ қўмитаси уч ой муддатда мазкур бандга асосан транспорт воситаси ижараси шартномаларини ҳисобга олиш тизимининг ишга туширилишини ҳамда уни Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинишини таъминласин.

5. 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;

ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига асосан амалга оширилади;

лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади;

йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан шуғулланадиган ўзини ўзи банд қилган шахслар (кейинги ўринларда – ўзини ўзи банд қилган ташувчилар) бир йилда бир маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;

ўзини ўзи банд қилган ташувчилар “Uztrans” ахборот тизими базасига киритилган кўп тармоқли поликлиникалар ва хусусий тиббиёт муассасалари орқали бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шарт;

йўналишсиз такси фаолияти учун лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи барча турдаги ташувчилардан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди;

йўналишсиз такси хизмати фаолиятига рухсат берувчи лицензия варақаларида фаолият ҳудуди акс эттирилади;

ўзини ўзи банд қилган ташувчиларнинг автомобиль транспорти том қисмига “TAXI” таниш белгили тўқсариқ рангли фонарь ўрнатилади;

бошқа соҳаларда меҳнат шартномасига асосан банд бўлган шахслар бир вақтнинг ўзида йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда шуғулланишлари мумкин.

6. Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) Транспорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташувчи ва уларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан йўловчи ташишга доир қонунчилик талаблари бажарилишини назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Транспорт вазирлиги (И. Маҳкамов):

уч ой муддатда Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда техник ва тиббий кўрик, суғурта полиси ва лицензия варақаларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш мақсадида “Uztrans” ахборот тизимини такомиллаштириш, “Лицензия” ва бошқа ахборот тизимлари билан идоралараро интеграциясини кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўрсин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
       Президенти                                                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 7 июль

Манба: ЎзА

Поделиться