Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кимё саноатидаги асосий кўрсаткичлар бўйича ахборот берилди
2022-07-08 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 7 июль куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги қарори асосида тармоқ диверсификация қилиниб, янги маҳсулотлар ўзлаштирилгани ҳақида ахборот берди. Натижада охирги 3 йилда ишлаб чиқариш 1,5 баравар, экспорт эса 2 баравар ошган.
Асосийси, илгари сурункали зарар билан ишлаган бу тармоқ 2021 йилни 1,6 триллион сўм соф фойда билан якунлаган.
Жорий йилнинг олти ойида жамият корхоналари томонидан қарийб 7 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, ишлаб чиқариш 11 фоиз ўсган. 218 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган.
Йил якунигача ишлаб чиқаришни 14 триллион сўм, экспортни 425 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун иккинчи ярим йилликда 650 минг тонна азотли, 70 минг тонна фосфорли ва 120 минг тонна калийли ўғитлар ҳамда 80 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқариш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари тармоқ корхоналари самарадорлигини ошириш ва уларни трансформация қилиш бўйича тизимли ишлаш кераклигини таъкидлади. Энергияни тежаш ва маҳаллийлаштириш орқали таннархни 6 фоизгача камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда галдаги истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилганидек, йил якунига қадар 400 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 9 та лойиҳа ишга туширилади. Жумладан, “Навоийазот”да метилцеллюлоза, техник газ, суюқ минерал ўғитлар, Чирчиқ кимё технопаркида кўпикли полипропилен, органик ўғитлар ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Президентимиз янги лойиҳаларни фақат хусусий инвестициялар иштирокида амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. 5 та кимё кластерида камида 1 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, акциядорлик жамиятига қарашли корхоналарни хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти