Ўзбекистон делегацияси Қирғизистонда ўтказилган “Ҳамдўстлик болалари” VII халқаро ёшлар форумида иштирок этдилар
Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл соҳилида “Ҳамдўстлик болалари” VII Халқаро маданий-маърифий форуми бўлиб ўтди. Тадбир анъанавий тарзда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши томонидан ташкил этилди.
Бу йилги Халқаро форум “Умумий тарих – бир тақдир” шиори остида бўлиб, унда Ҳамдўстликнинг етти давлати: Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасидан 700 га яқин мактаб ўқувчилари ва уларнинг мураббийлари иштирок этишди.
Лойиҳанинг асосий мақсади болалар ва ёшларни яхши қўшничилик ва ҳамкорлик руҳида тарбиялаш учун халқаро платформа яратишдан иборат.
Ушбу форумда Ўзбекистон делегацияси таркибида республикамизнинг Қашқадарё, Самарқанд, Наманган ва Тошкент шаҳридан жами 7 нафар ўқувчилар, 1 нафар кузатувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати масъул ходими иштирок этдилар.
Мамлакатимиз ўқувчилари янги дўстларига Ватанимиз тарихи ва анъаналари ҳақида сўзлаб бердилар, Ўзбекистон халқ ҳунармандчилигини намойиш этдилар. Шунингдек, болалар Андижон полкаси, Бухоро ва бошқа Ўзбек миллий рақс намуналарини ижро этиш орқали тенгдошларини мамлакатимизнинг бой маданияти билан таништиришди. Ўзбекистонлик ёшларнинг чиқишлари форум иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди.
Шунингдек, форум доирасида болалар учун спорт ўйинлари, саёҳатлар, мунозара ўйинлари, ижодий семинарлар, квестлар, мусиқий флеш-моблар ва маданий дастурлар ташкил этилди. Семинарлар давомида болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экология, халқаро ҳамкорлик, хавфсизлик, маданият, туризм ва волонтёрлик мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, “Ҳамдўстлик болалари” халқаро маданий-маърифий форуми анъанавий тарзда 2013 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.