Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рақамли иқтисодиёт уфқлари
2022-07-05 | Технологиялар
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 4 июль сонида иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тўхлиевнинг “Рақамли иқтисодиёт уфқлари” номли мақоласи чоп этилди.
Тараққиётнинг ҳозирги босқичида рақамли иқтисодиёт халқаро ва миллий иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган сегментларидан бирига айланиб улгурди. бир томондан, бу жараён иқтисодий ўсишнинг локомотиви, бошқа томондан эса, анъанавий тармоқлар қиёфасини ўзгартириб, унинг янги типдаги иқтисодиётга трансформациялашувини таъминламоқда. Рақамли иқтисодиёт билимлар, ахборотлар, интеллектуал меҳнат маҳсулотларидан фойдаланишга асосланиб, иқтисодиёт, илм-фан ва маданий ҳаётнинг барча жабҳасига кириб бормоқда.
Анъанавий иқтисодиёт асосан, иқтисодий ўсишни таъминласа, рақамли иқтисодиётнинг бош мақсади инновациялар, яъни иқтисодий ривожланишдир. Чунки унинг имконияти коинот каби чексиз. У ҳамма вақт янги маҳсулот ва хизматларни яратишга қодир. Тасодиф эмаски, инновацион ривожланган постиндустриал мамлакатлар — Ғарбий Европадаги Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Лихтенштейн, Люксембург, Монако, Нидерландия, Франция, Швейцария, Шимолий Европадаги Дания, Норвегия, Швеция, Финляндия, Жанубий Европадаги Андорра, Испания, Италия, Шимолий Америкадаги АҚШ ва Канада, Осиёдаги Япония, Жанубий Корея ва Исроил, шунингдек, Австралия ва Янги Зеландия бу борада анча илгарилаб кетди.
Бу мамлакатлар илмий салоҳияти юқори ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларининг устунлиги билан ажралиб туради. Рақамли иқтисодиётни шакллантириш инвестиция жараёни билан боғлиқ. Янги иқтисодиётда асосий ишлаб чиқариш кучи кишиларнинг билим ва малакасига асосланади. Бунга эса ишлаб чиқаришга йўналтириладиган инвестиция салмоғини ошириш билангина эришиб бўлмайди. Бу жараён сармояни асосан, инсон капиталига йўналтириш ва истеъмолни кучайтириш, жумладан, таълим ва инсон саломатлиги, қулайлигига сарфлаш орқали амалга оширилади. Натижада одамларда интеллектуал ўсишга, ижодий қобилиятини ривожлантиришга вақт ва имконият кўпаяди. Бу эса рақамли иқтисодиёт сегментини кенгайтириш учун ниҳоятда зарур.
Рақамлаштириш унча катта бўлмаган, ихчам ва мўъжаз корхоналарга нафақат ички, балки глобал бозорда ҳам рақобатбардош бўлиш имконини беради. Янги иқтисодиётда фан сиғими юқори, ресурс тежайдиган ва рақамли, ахборот технологияларига асосланган ишлаб чиқаришнинг аҳамияти ортади. Рақамлаштириш жамият ҳаётининг барча жабҳаси — моддий неъматлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, уй хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳатто маданият ва санъат соҳаларига ҳам кириб боради.
Механик ўзаро таъсир ўрнини энди электрон технологиялар эгаллайди. Технологик жараёнлар ўзгаришининг бош тренди рақамлаштиришнинг ўсиши, малакасиз меҳнат ўрнини аста-секин машина ва компьютерлар эгаллаши бўлиб қолади. Ялпи ички маҳсулотда саноат ва қишлоқ хўжалиги каби анъанавий соҳалар улушининг пасайиш тенденцияси асло бу тармоқлар инқирозини билдирмайди. Инсоннинг ахборот билан боғлиқ фаолияти бугун иқтисодиётнинг мустақил секторига айланиб бошқа секторлардан устунлик қилмоқда.
Рақамли иқтисодиёт ривожланган мамлакатларда ялпи ишчи кучининг 70 фоизига яқини ахборот ва ахборот хизматини ишлаб чиқариш билан банд. Реал секторда банд бўлганлар улуши эса 30 фоиз атрофида. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳисоб-китобларига кўра, рақамлаштириш бўйича 2020 йилда ушбу банкка аъзо мамлакатлар орасида АҚШ 95,4 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Банк услубиятига кўра, рақамлаштириш индексини баҳолаш мамлакатнинг рақамлаштириш инфратузилмаси, билим ва кўникмалар, АКТ хизматларини таклиф қилиш ҳуқуқий базаси ва электрон кўринишда давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти орқали баҳоланади.
Рақамлаштиришда АҚШнинг қўли баландлиги сабабларидан бири мамлакатда IT индустрия си ривожланганидир. АКТ бўйича жаҳоннинг етакчи компаниялари ушбу мамлакатда жойлашган. Масалан, “Amazon” 2020 йилда 220,8 миллиард доллар ишлаб топди. Ундан кейинги ўринларда эса “Google”, “Apple”, “Microsoft”, “Facebook”, “Walmart” компаниялари турибди. Илон Маскнинг “Tesla”си, Тревас Халаникнинг “Uber”и ўта юқори технологияли компаниялардир.
Қолаверса, АҚШдан ташқарида дунёга машҳур кўпчилик технологик компаниялар Калифорниянинг Кремний (Силикон) водийсидан старт олади. IT универсал жараён. У реал секторлар, хизмат кўрсатиш, бошқариш, ижтимоий соҳаларга кириб, рақобат афзаллигини бермоқда. Кремний (Силикон) водийсида жаҳон инновациялари, фан сиғими юқори ишлаб чиқариш билан боғлиқ стартаплар дунёга келади. Венчур капиталининг ўзаро алоқалари ўрнатилади.
Бунга ўхшаш юқори технологиялар марказини яратишга уриниш Буюк Британия, Россия, Хитой, Тайвань ва Ҳиндистон каби мамлакатларда жадаллашди. Шу муносабат билан мамлакатимиз ҳам ўзининг Кремний водийсига эга бўлиш фурсати етди. У бошқа ҳудудлардаги юқори технологияли кластерларга халал бермаслиги, аксинча, уларга ёрдам кўрсатиши, фаолиятини координациялаштириши, соҳада етакчи бўлиши керак.
ЕТТБ услубияти бўйича аъзо давлатлар (51 та)нинг рақамлаштириш рейтингида Ўзбекистон 52,6 балл билан 39-ўринни эгаллайди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида рақамлаштириш индекси бўйича Козоғистон 71,1 балл билан биринчи ўринда турибди. Кейинги ўринларни эса Қирғизистон — 47,1, Тожикистон — 29,7 ва Туркманистон — 23,7 балл билан эгаллаган. Ўзбекистоннинг мавқеи 2015-2020 йилларда 17,6 бирликка (35 баллдан 52,6 баллгача) кўтарилган.
Ўсишни таъминлашда мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилган бир қатор омиллар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон Республикасида 2013-2020 йилларда Миллий ахборот-коммуникация тизимини комплекс ривожлантириш дастури, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Рақамли Ўзбекистон — 2030 стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва бошқа дастурлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Кўрсатилган алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 2019 йилдаги 10891,7 миллиард сўмдан 2021 йилда 17112,2 миллиард сўмга етди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, кўрсатилган хизматларнинг 69,9 фоизини телекоммуникация, 12,5 фоизини компьютер дастурлаш, 12,6 фоизини алоқа ва ахборотлаштириш, 5 фоизини эса нашриёт хизматлари ташкил этмоқда. Рақамлаштириш бўйича кўрсаткичлар бундан-да юқори бўлиши мумкин эди.
Бунинг учун биринчи навбатда, рақамли инфратузилмага кириш қулайлиги, ундан фойдаланиш коэффициентини ошириш лозим. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 36,1 баллдан иборат бўлиб, ЕТТБ аъзолари орасида энг паст кўрсаткичлардан бўлиб турибди. Мамлакатимизнинг рақамлаштириш бўйича илғорлар сафида бўлиш имконияти борми? Бор, албатта. Ҳали ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон Фанлар академияси “Кибернетика” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида академик Восил Қобулов раҳбарлигида РАСУ (Республика автоматлашган бошқарув тизими)ни яратишга жиддий уринишлар бўлган.
Вилоят, шаҳар ва туманларда автоматлашган бошқарув тизими фрагментларини яратиб, кейин уларни республика миқёсида интеграциялаштириш вазифаси қўйилган. Бу ҳозирги рақамлаштиришнинг, “Электрон ҳукумат”нинг дебочаси эди, десак хато бўлмайди. Қизиғи, бу вақтда ҳали АҚШнинг Кремний водийси дунёга танилмаган, “Осиё йўлбарслари” мудроқда, Хитойда Дэн Сяопин ислоҳотлари бошланмаган, Сингапур балиқчилар посёлкасидан иборат дунёнинг бир чеккаси эди.
Аммо бу ғояни ўша вақтда амалга ошириш имконияти бўлмади, мавжуд техника ва технология, молиялаштириш даражаси билан бунга эришиш қийин эди. Оддийгина телефонлаштиришнинг ўзи катта муаммо ҳисобланарди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарди, техник-технологик, молиявий, интеллектуал салоҳият мислсиз ўсди, қолаверса, хоҳиш-истак, яқин ўтмиш тажрибаси, ирода бор. Президентимиз рақамли трансформацияга катта эътибор қаратмоқда.
Давлатимиз раҳбари рақамли иқтисодиётни шакллантириш унга мувофиқ инфратузилмани, улкан восита ва меҳнат ресурсларини талаб қилса-да, бу ишлар билан бугун шуғулланиш керак, акс ҳолда, эртага кеч бўлади, кейинги беш йилда Ўзбекистон учун устувор вазифа — рақамли иқтисодиётга жадал ўтиш, деб ҳисобламоқда. Бунинг учун эса, рақамли малака ва кўникмаларни шакллантирувчи таълимни янада ривожлантириш ва унга инвестицияларни кескин ошириш лозим.
Бунинг сабаби, банкка аъзо мамлакатларда ўтган ўн йилликда рақамлаштириш даражаси юқори секторларда бандлик б ошқа секторларга нисбатан 3 баробар устун даражада ўсган. Рақамли малака ва кўникмаларга талаб борган сари ошаверади. Гап шундаки, экспертлар хулосаси беришича, бугуннинг ўзида барча касбларнинг 78 фоизи рақамли малака талаб қилмоқда, жаҳондаги компанияларнинг 44 фоизи рақамли ривожланиш стратегиясига эга.
Рақамли иқтисодиёт нафақат вақтни тежаш, ишлаб чиқариш унумдорлиги ва натижавийлигини ошириш воситаси, қолаверса, хуфёна иқтисодиёт, маъмурий буйруқбозлик даражасини пасайтириш имконияти, бозор дастаклари ишлаб кетишининг гарови ҳамдир. Президентимиз парламентга 2020 йилдаги Мурожаатномасида рақамли иқтисодиётнинг яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади.
Шунингдек, ЯИМда рақамли иқтисодиёт улушини, унга киритиладиган инвестициялар ҳажмини ошириш, электрон савдони ривожлантириш ҳам давр талабларидан бири. Ва ниҳоят рақамли иқтисодиёт инфратузилмасини яратишда давлатнинг ўрни ва роли ошиб бориши лозим. Чунки бундай улкан лойиҳани бир неча компания билан амалга ошириб бўлмайди. Уни фақат давлатнинг етакчилигида, кучли тадбиркорлик ва инновацион ёндашув орқали хусусий бизнес, шу жумладан, чет эл инвестицияларининг кучи ва имкониятларидан фойдаланиб амалга ошириш мумкин. Бунда давлат ва хусусий шериклик тамойилининг аҳамияти катта.
Давлат иқтисодий жараёнларни рақамлаштиришни умумий технологик платформалар ташкил қилиш, амалдаги ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, “Электрон ҳукумат” тизимини йўлга қўйиш, қулай солиқ тизимини яратиш, IT кадрларини тайёрлаш, кибертаҳдидлар хавфсизлигини таъминлаш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириши орқали ривожлантириши мумкин.
Манба: «Янги Ўзбекистон»