Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Викирейтингда кучли ўнталикка кирамиз!
2022-07-05 | Ёшлар
Бу йил ёшлар кунига бағишланган тантаналар ҳар қачонгидан кўра, кўтаринки руҳда ўтди.
Ҳаётимизда унутилмас, тарихий аҳамиятга эга кун бўлди, десам муболаға эмас. чунки бизга ўз ташаббусимиз билан кўнгилли бўлиб қилган неча йиллик меҳнатимиз маҳсулини тақдим этиш имконияти яратилди. Ўзбек интернет оламида матнли маълумот ва видеоконтентларни кўпайтириш учун алоҳида маблағ ажратилиб, зарур шароит яратилгани жуда қувонарли иш бўлди.
Энг йирик интернет очиқ энциклопедияси Википедияда 316 та тилда 59 миллионта маълумот бор. Улар орасида ўзбек тилидаги маълумотлар 149 мингтани ташкил этмоқда, холос. Маълумотлар кўплиги бўйича туркий тилли давлатлар ўртасида 4-ўриндамиз. Биринчи ўринга чиқиш эса энг катта мақсадимиз. Бу Википедиядаги жами маълумотнинг 0,2 фоизига тўғри келади. Жуда ҳам кам. Ҳатто 1 фоиз ҳам эмас.
Шу йилнинг 20 майидан викистипендия ҳаракатини бошладик. Минглаб ёшларни жамлаган ҳолда бир ойнинг ўзида 10 мингта мақола киритдик. Яъни ўзбекча википедия 2003 йили очилган бўлса, йилига 8 мингта мақола қўшиларди. Биз бир ойнинг ўзида 10 мингта мақола киритдик. Кўнгиллилар ҳаракати орқали шу натижага эришдик.
Бир ойлик натижа ҳақида айтиш осон. Шунча муддатда қўшимча 10 минг мақола киритилгани, 100 мингтаси таҳрир қилингани ва викирейтингда 62-ўриндан 58-ўринга кўтарилганимиз катта гап. Ҳадемай мақолаларимиз 150 мингтани ташкил этади, 57-ўринга кўтариламиз. Умуман, кучли ўнликка кириш учун марра яқин қолди.
Бу ишни бирдан бошламадик. Википедияга мақола қандай тайёрланиши, талаблари, манбаларни топиш, энциклопедик аҳамиятга эга бўлиши учун ёндашувлар бўйича изландик. Ҳар бирининг энг майда жиҳатларигача эътибор қаратган ҳолда видеодарслар, маҳорат дарслари тайёрлаб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга жойладик.
Википедия марафонимиз 20 декабргача давом этади. Катта натижаларга эришишга умид қиляпмиз. Марафон бошланишидан олдин 200 нафар фаол фойдаланувчимиз бор эди. Ҳозир улар сони камида 500-600 нафарга етди. Ёрдамчимиз қанча кўп бўлса, шунча яхши. Шунинг учун тизимли ечимга киришмоқчимиз. Викитаълимни йўлга қўйиб, анъанавий қоғоз топшириқлар ўрнига викитопшириқ берсак, ўқувчининг дунёқараши ҳам кенгаяди, вазифани бажариш ҳам мароқли бўлади.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашувда матнли, видеоконтентларга ҳам тўхталди. Бу жуда муҳим. Оддий мисол: болаларимиз учун ўзбек тилидаги видеоконтент, анимацион фильмлар жуда кам. Биз болалар учун ўзбек тилидаги “Митти коинот” деган лойиҳани тақдим этдик.
Википедия, викистипендия билан интеграция қилаётган яна бир йирик лойиҳамиз бор. У mатn.uz платформаси. Ўзбек тилидаги матнни таҳрир қилиб беради. Ундаги хатоларни тузатади. Бундай платформага эҳтиёж жуда катта. Бу платформанинг дастлабки босқичи ишга тушган. Кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўгириб беришдан ташқари имловий хатоларни тузатади. Кейинги босқичда услубий хатоларни тузатади. Сўнгги босқичга етганда сунъий онг билан ишлай бошлайди. У ҳатто сизнинг ҳис-ҳаяжонингиз, ёлғон-рост гапираётганингизгача текшириб бера оладиган платформа бўлади. Бу платформадан турли соҳаларда фойдаланиш мумкин.
Ўзбек википедияси тарихида илк бор давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилмоқда. Яқин орада дунё давлатлари орасида кучли ўнталикка кирамиз. Президентимиз билан учрашувдан кейин ўзимизга ишонч яна ҳам ошди.
Меҳриноз АББОСОВА,
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг
давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси
Манба: «Янги Ўзбекистон»