Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек-афғон ҳамкорлигига оид масалалар муҳокама қилинди
2022-07-05 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди. Юқоридаги йўналишларнинг ҳар бири бўйича қўшма ташаббусларни амалга оширишга оид навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.
Икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишилди. Шунингдек, ўзаро манфаатли шериклик салоҳиятини ўрганиш мақсадида ўзбек ва афғон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг истиқболлари қайд этилди.
Мулоқот доирасида учрашув иштирокчилари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора - тадбирларини кўриб чиқдилар. Жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзбек-афғон муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш бўйича доимий алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги