Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси аёллар манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимояси йўлида барча масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўриб бормоқда.
Ўтган 4 ой мобайнида бир қатор битимлар, келишувлар, халқаро ҳужжатлар имзоланиб, ижрога йўналтирилди ва улар ўз самарасини кўрсатмоқда.
Навбатдаги ўзаро қўшма чора-тадбирлар режаси бугунги кун учун ғоятда муҳим бўлган хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун турли давлатга чиқиб кетган ва чиқиб кетаётган хотин-қизлар ва уларнинг оилалари билан манзилли ишлаш, меҳнат миграциясидан қайтган аёлларнинг бандлигини таъминлаш, ички меҳнат бозорида хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш ва уларнинг оилаларига турли ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш юзасидан имзоланди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва “Ватандошлар” жамоат фонди билан ўзаро ҳамкорликда ўтказган қўшма мулоқотида масалага оид ҳар бир ҳолат чуқур таҳлил этилди.
Йиғилишга Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова раислик қилди ва мавзуга оид таҳлилий маълумотларни келтирди.
“Хорижда ишлаётган аёл ҳам бизнинг аёлимиз, Ўзбекистонимиз аҳолисининг вакили. У хорижда ишлаётган бўлсада, оила ва фарзандлари юртимиз бағрида, маҳаллаларда истиқомат қилишмоқда. Ана шундай оилаларнинг маънавий муҳити, фарзандларининг ҳеч нарсага алишмайдиган тарбияси барча масалалардан устун эканини унутмаслигимиз керак” – деди З.Маҳкамова ўз сўзида.
Ҳамкорлик йиғилишида хорижга узоқ муддатга чиқиб кетган хотин-қизлар масалалари, шунингдек уларнинг оилалари, вояга етмаган фарзандлари билан ишлаш бўйича Республика Комиссияси тузилиши, хориждан қайтган хотин-қизлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш ва доимий юритиш бўйича келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси