Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа кенгаши Президенти Янги Ўзбекистондаги демократик янгиланишлар дастурини қўллаб-қувватлади
2022-07-04 | Сиёсат
4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни амалга оширишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Еврокенгаш Президенти, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш сари очиқ ислоҳотлар йўлини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Шу маънода Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тайёрланишини якунига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
“Преференциялар бош тизими плюс” афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар амалий ҳамкорликнинг аниқ дастур ва лойиҳаларини, энг аввало, “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш, инновациялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, экология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, шунингдек, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчлик қарор топишига кўмаклашиш ва унинг халқига қўлдан келганча ёрдам кўрсатишга қаратилган йирик халқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш масаласи қўллаб-қувватланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти