Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча очилди
2022-06-21 | Сиёсат
Озарбайжон Президентининг давлат ташрифи Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.
Йиғилганлар олдида нутқ сўзлар экан, Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг умуммиллий етакчиси ва биродар озарбайжон халқига ўз ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
- Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг очилиш маросимидан бошлангани катта рамзий маънога эга.
У киши XX асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тарихга кирди. Ҳайдар Алиевнинг қатъияти, кучли сиёсий иродаси ва беқиёс етакчилик сифатлари туфайли ёш суверен давлат барча қийинчилик ва синовларни муносиб енгиб ўтди, - деди Президентимиз.
Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон умуммиллий етакчиси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва қардош халқларимизнинг тарихий ришталарини изчил мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Озарбайжон Президенти, ўз навбатида, ушбу ташриф унинг пандемиядан кейинги илк хорижий ташрифи эканини қайд этиб, давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига Ҳайдар Алиевнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлашга қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди.
- Азиз қардошим Шавкат Миромоновичдан Тошкент марказида отам Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб шундай кўркам гўшани барпо этиш ташаббуси учун жуда миннатдорман. Биз буни ўзбек қардошларимизнинг буюк етакчимизга, умумий тарихимизга чинакам биродарона муносабати сифатида қабул қиламиз. Бу бутун Озарбайжон халқига хурмат ифодаси ҳамдир, - деди Озарбайжон етакчиси.
Маросимда зиёлилар, нуронийлар, озарбайжон юртдошларимиз ҳам сўзга чиқди. Улар Ҳайдар Алиев номидаги обод кўча ва ҳиёбон қардош халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин рамзи эканини таъкидладилар.
Ўзбекистонда озарбайжон миллатига мансуб 40 минг нафарга яқин юртдошларимиз истиқомат қилмоқда. 2003 йилда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган. 2010 йилда Озарбайжон элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг янги биноси очилган.
Шундан сўнг Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти