Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий шериклигини чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди
2022-06-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашув ўтказди. Унда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби муҳокама қилинди.
Инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳаси муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Таъкидландики, ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 238 та, Озарбайжонда эса 53 та Ўзбекистон компанияси фаолият кўрсатмоқда.
Икки мамлакат ҳудудларида қўшма корхоналарни муваффақиятли ташкил қилиш бўйича тўпланган тажриба асосида тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, озиқ-овқат, кимё ва ипакчилик, автомобилсозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Ўзаро савдони ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари қайд этилди. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон-Озарбайжон савдо айланмасининг ҳажми 40 фоиздан ошди ҳамда жорий йилнинг январь – июнь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар кўпайди. Нефть-кимё, кимё ва электротехника маҳсулотлари, қора ва рангли металл буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, асбоб-ускуналар ва тўқимачилик маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Томонлар яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида биргаликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Транспорт ва логистика соҳасида ҳам биргаликда салмоқли натижаларга эришилди. Жорий йил охирига қадар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида юк ташиш ҳажмининг ўсиши 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу нуқтаи назардан, икки давлатни боғлайдиган логистика йўналишларини кенгайтириш, ўзаро ва транзит юк ташишни кўпайтириш бўйича ҳамкорлик йўллари кўриб чиқилди.
Томонлар икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга ҳам эътибор қаратдилар. Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолаш истиқболлари қайд этилди.
Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни илгари суриш ҳамда икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишларини ривожлантириш мақсадида ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги