Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
2022-06-21 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия
ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–127-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида дзюдонинг олимпия спорт тури сифатида оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар дзюдо спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
мактабгача ёшдаги болаларда дзюдога қизиқиш уйғотиш ва жанг санъатининг ушбу тури бўйича бошланғич кўникмаларни шакллантириш;
дзюдо бўйича профессионал тренерлар, малакали ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;
дзюдо инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо заллари сонини кўпайтириш;
Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жисмоний тайёргарлик машғулотлари дастурига дзюдони босқичма-босқич киритиш, улар тизимидаги таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун ушбу спорт тури бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар ташкил қилиш;
аёллар ўртасида дзюдони ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми сифатида дзюдони тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда ахборотлаштириш ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш.
2. Қуйидагилар:
2022-2023 йилларда дзюдо спорт турини янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;
2022-2025 йилларда дзюдо спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб анъанавий тарзда дзюдо спорт тури бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади:
катталар ўртасида “Катта дубулға” халқаро турнири;
Осиё чемпионати ғолиби ва Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида халқаро турнир;
умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;
ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида “Олий ва ўрта махсус таълим вазири кубоги”;
Қуролли Кучлар тизимида “Мудофаа вазири кубоги”;
2024-2025 йилларда ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпионати.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Махмудов) Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда:
бир ой муддатда ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;
халқаро турнирларда маҳаллий дзюдочилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган кучли халқаро дзюдочилар, тренерлар
ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин;
юқоридаги мусобақалар ва турнирларни ўтказиш жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа коммуникация манбаларида кенг ёритсин.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги (Б.Ибрагимов) юқоридаги мусобақалар ва турнирларни туристик маршрутлар объектлари рўйхатига киритсин, уларга хорижий ва маҳаллий туристларни жалб қилиш чораларини кўрсин.
4. Халқаро дзюдо федерациясининг режасига мувофиқ, 2022 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ҳомийлар маблағлари (титул ҳомийлик, реклама, ахборот ҳамкорлиги ҳамда телевизион трансляция медиа ҳуқуқларидан тушадиган), шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, олинадиган фойда Ўзбекистон дзюдо федерацияси тасарруфида қолдирилади ҳамда дзюдони янада ривожлантиришга, жумладан, дзюдо мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ҳамда федерация фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади;
жаҳон чемпионатини ўтказиш учун аъзолик бадали ва мукофот пули билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон дзюдо федерацияси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда жаҳон чемпионатининг юқори даражада ўтказилишини таъминласин ва у билан боғлиқ бўлган барча ташкилий масалаларни
ҳал этиш чораларини кўрсин.
5. 2023 йил 1 январдан бошлаб Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳамда Хоразм вилояти Урганч шаҳар олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари негизида Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи Денов ҳамда Урганч дзюдо спорт маҳорати мактаблари (кейинги ўринларда – дзюдо мактаблари) давлат спорт-таълими муассасаси сифатида ташкил этилсин.
Белгилансинки:
дзюдо мактаблари фаолияти дзюдо бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ҳамда уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади;
дзюдо мактабларига ўқишга 5-синфдан қабул қилинади ҳамда таълим олиш муддати етти йил этиб белгиланади;
дзюдо мактабларининг ўқув жараёни Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда тасдиқланган ўқув режага асосан амалга оширилади;
дзюдо мактаблари директори, унинг ўринбосарлари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тарбиячилар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва тарбиячилар меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сон қарорига мувофиқ;
дзюдо мактаблари директори, унинг ўқув ва спорт ишлари бўйича ўринбосари, тренер-ўқитувчилар, йўриқчи-услубчилар, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сон қарорига мувофиқ;
дзюдо мактаблари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда дзюдо мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
6. 2023 йил 1 январдан бошлаб:
умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо спорт турини ривожлантириш бўйича “Болалар учун дзюдо” дастури;
мактабгача таълим ташкилотларида “Мактабгача дзюдо” лойиҳаси жорий қилинсин.
Белгилансинки:
а) “Болалар учун дзюдо” дастури доирасида:
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўқувчиларида дзюдо билан шуғулланиш истаги юқори бўлган ҳамда спорт заллари мавжуд умумий ўрта таълим мактаблари белгилаб олинади;
танлаб олинган умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секциялари мактаб жойлашган ҳудуддаги спорт мактабидан жалб этилган тренер-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади;
умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо залларини ташкил этиш, мавжуд дзюдо инфратузилмасини кенгайтириш ва жиҳозлаш бўйича инвестиция ва грантлар жалб қилинади;
Халқаро дзюдо федерациясининг “Мактабларда дзюдо” дастури билан узвий боғлиқлик таъминланади, мазкур дастурдаги йўналишлар, функциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирлар амалга оширилади;
дзюдони ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, уларда ушбу спорт турига қизиқишни ошириш, ёшлар ўртасида дзюдо бўйича мусобақаларни ўтказишга кўмаклашиш, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади;
б) “Мактабгача дзюдо” лойиҳаси доирасида:
мактабгача таълим ташкилотларида дзюдони оммалаштириш ва кенг тарғиб қилиш орқали тарбияланувчиларни мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;
тарбияланувчиларда дзюдо билан шуғулланишга кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш.
7. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон дзюдо федерацияси (А.Камилов) билан биргаликда 2023 йилдан бошлаб дзюдо спорт турини ўқувчилар ўртасида оммалаштириш бўйича танланган мактабларни ўқув қўлланма, татами, аксессуар ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш учун Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 5 миллиард сўмгача маблағларни йўналтирсин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
“Болалар учун дзюдо” дастури доирасида фаолият юритадиган тренер-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг
2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сон қарорига мувофиқ спорт мактаблари тренер-ўқитувчилари учун белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилади;
“Болалар учун дзюдо” дастури доирасида қуриб фойдаланишга топширилган дзюдо заллари Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари балансида сақланади ва улар фаолиятини тўлиқ ва самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан малакали тренерлар билан таъминланади;
“Болалар учун дзюдо” дастури доирасида қуриб фойдаланишга топширилган дзюдо залларида Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳузуридаги Дзюдо спорт клубининг филиаллари ташкил этилади, филиаллар фаолиятига Ўзбекистон дзюдо федерацияси методик раҳбарлик қилади, умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларни дзюдога ўргатиш орқали қамровни йилдан йилга ошириб боради, улар ўртасида турнирлар, мусобақалар ташкил этади.
9. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерациясининг:
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб “Дзюдо ва спорт фаолияти” бакалавриат таълим йўналишини очиш;
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Дзюдо ва спорт фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши бўйича 2022/2023 ўқув йили учун қабул параметрлари доирасида қабул квоталарини белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
10. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерациясининг Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Ўзбекистон дзюдо академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
11. Қуйидагилар Ўзбекистон дзюдо академиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш;
дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича профессионал, юқори малакали спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар
ва бошқа мутахассисларни халқаро талаблар асосида тайёрлашга кўмаклашиш;
дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича ўқув дастурлар ва методологияни янгилаш, ёшларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш;
маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар, тренинг, мастер-класслар, ўқув машғулотлар ташкил этиш.
12. Ўзбекистон дзюдо академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон дзюдо федерацияси маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро ва чет эл ташкилотларининг грантлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Ўзбекистон дзюдо академияси фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев):
Фанлар академияси билан биргаликда Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтига доимий фойдаланишга берилган ер участкасининг (Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 7б-уй) Ўзбекистон дзюдо федерациясининг асосий базасига туташ бўлган ва бўш турган қисмини белгиланган тартибда захирага қайтариш;
захирага қайтарилган ер участкасини давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ва Спортни ривожлантириш вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш чораларини кўрсин.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (М.Исмаилов) Ўзбекистон дзюдо федерацияси (А.Камилов) билан биргаликда ажратилган ер участкасида Ўзбекистон дзюдо академияси бино ва иншоотларини қуришни назарда тутувчи ижтимоий шериклик тўғрисида битим имзоланишини ҳамда Япониянинг “Кодокан” кўп функцияли, замонавий ва универсал дзюдо маркази намунаси бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан Халқаро дзюдо федерацияси талабларига жавоб берадиган, спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган бино ва иншоотлар (спорт зали, ўқув биноси, ошхона ва ёрдамчи бинолар) қурилиб, фойдаланишга топширилишини таъминласин.
14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев) Спортни ривожлантириш вазирлиги (М.Исмаилов), Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғи ҳудудида дзюдо бўйича миллий терма жамоалар учун Халқаро дзюдо федерацияси стандартларига жавоб берадиган 50 ўринли ётоқхона ва ошхона, тренажёр зали, тиббий пункт ва замонавий спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланган ўқув-машғулот базасини барпо этиш юзасидан таклиф киритилишини таъминласин.
15. Тошкент вилояти ҳокимлиги (З.Мирзаев) “Чорвоқ” туристик рекреацион зонаси” ДУК билан келишган ҳолда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғи ҳудудидан Спортни ривожлантириш вазирлигига 0,5 га ер участкасини 2022 йил якунига қадар доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминласин.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (М.Исмаилов) Ўзбекистон дзюдо федерацияси (А.Камилов) билан биргаликда ажратилган ер участкасида дзюдо бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини барпо этишни назарда тутувчи ижтимоий шериклик тўғрисида битим имзоланишини таъминласин.
16. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, дзюдо спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, дзюдони ривожлантириш мақсадлари учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига жорий йилда спорт соҳаси учун кўзда тутилган маблағлар доирасида 2 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.
17. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан биргаликда 2022 йил 20 декабрга қадар спорт мактаблари ҳамда Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларини халқаро талабларга жавоб берадиган дзюдо спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси ҳамда бошқа зарур воситалар билан таъминласин ва ушбу мақсадларга Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2022 йил учун республика календарь режасида ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан зарур маблағлар йўналтирсин.
18. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
19. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов, спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Ш.Ш.Махмудов ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси А.Я.Камилов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 20 июнь
Манба: ЎзА