Мамлакатимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Жорий йилнинг 25 май санасида старт олган миллий кураш ва тош кўтариш бўйича мудофаа вазири кубоги мусобақалари ҳам мана шундай мақсадни ўзида мужассам этган.
Айни дамда юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилиб келинаётган мазкур мусобақаларнинг яна бири Тошкент шаҳридаги “Олмос” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб ўтди. Унда Тошкент ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ва ҳарбий хизматчилар, “Олмос” МФЙ фаоллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи етакчилари, маҳалла ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ушбу мусобақада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган Тошкент шаҳар маҳалла ёшлари миллий кураш ҳамда тош кўтариш спорт турлари бўйича 4 та вазн тоифасида беллашишди. Мусобақа давомида ёш полвонларимиз тадбирда йиғинганларга ўз маҳоратларини кўрсатиб қўйишди.
Мухлислар орасида кичик ёшдаги ўғил-қизларнинг ҳам борлиги жуда ҳам қувонарли. Улар мусобақани кузатаркан, “Мен яшил бурчак томондаман… Мен эса кўк бурчак томонда”, дея бир-бирлари билан баҳслашишлари, уларнинг олқишлари ва қўллаб-қувватлаши курашчиларга катта куч бағишлади. Мусобақа охирига қадар мана шундай кўтаринки руҳда ўтди.
Таъкидлаш керакки, мудофаа вазири кубоги учун ўтказилаётган бу каби мусобақалар жорий йилнинг 30 июнь – «Ёшлар куни» байрамига қадар 4 босқичда (25-майдан 12-июнгача маҳалла босқичи, 13 июндан 19 июнгача туман ва шаҳар босқичи, 20 июндан 25 июнгача вилоят босқичи ҳамда 27 июндан 29 июнгача республика босқичи) бўлиб ўтади.
Ғолиблар эса 30 июнь куни пойтахтимиздаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройида тантанали равишда тақдирланади.
Сарвиноз ҚУРБОНОВА,
ЎЗЖОКУ Ҳарбий журналистика йўналиши талабаси
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги