Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон саноат маҳсулотлари тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди
2022-06-03 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон Хива гилам комбинатида бўлди.
Умумий қиймати қарийб 22 миллион доллар бўлган ушбу корхона Самарқанддаги “Sam-Antep-Gilam” компанияси томонидан 2020 йилда ташкил этилган, ўтган йили лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилган. Комбинатга Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 420 та иш ўрни яратилган.
Бу ерда гилам, полипропилен ип ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.
Бу йил учинчи босқич - акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етди. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 7 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Президентлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва шоу-румни кўздан кечирди.
Шу ерда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ҳам намойиш этилди. Турдош тармоқлар мутасаддиларига тажриба алмашиш, савдони ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти