Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2022-05-31 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларини ривожлантириш ҳамда соҳа ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда бу соҳалардаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг янги усулларини жорий қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ислоҳотларнинг аниқ манзиллилигини таъминлаш, соҳаларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепциясини 2022 – 2023 йилларда амалга ошириш “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Концепцияни 2024 – 2025 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида тасдиқланади.
2. Белгилансинки, Концепция ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
а) сейсмология йўналиши доирасида:
зилзилаларнинг вужудга келиш механизми ва табиатининг ҳамда зилзила даракчиларининг турли геодинамик жараёнларда намоён бўлишини тадқиқ қилиш механизмини такомиллаштириш;
ҳудудларни макросейсмик балларда ва муҳандислик кўрсаткичларда сейсмик микроҳудудлаштириш бўйича онлайн-хариталарни ишлаб чиқиш;
турли даражадаги тектоник ер ёриқларининг ўрта масштабдаги харитасини яратиш ва уларнинг сейсмик потенциалини баҳолаш;
б) бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш йўналиши доирасида:
якка тартибдаги уй-жойларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш;
бино ва иншоотлар ҳамда сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлик даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
в) сейсмологик кузатувлар тармоғини такомиллаштириш йўналиши доирасида:
автоматлаштирилган комплекс-прогностик станцияларни кўпайтириш ҳисобига республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имкониятини кенгайтириш;
миллий сейсмик кузатувлар тармоғининг халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан доимий алоқаларини таъминлаш;
г) сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштириш йўналиши доирасида:
сейсмология соҳасида илм-фан ва таълимни ривожлантириш ҳамда аҳоли ва давлат органларини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлаш фаолиятини тартибга солиш;
республика ҳудудида қурилаётган бино ва иншоотлар, сув омборлари ва гидротехника иншоотлари зилзилабардошлигини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш.
3. Қуйидагилар:
Концепция ва “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан давлат органларининг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юклатилсин;
Сейсмология, сейсмик чидамли қурилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлиги бўйича идоралараро илмий-техник кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) давлат органлари томонидан Концепция ва “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгилансин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.
Бунда, Қурилиш вазирлиги экспертизадан ўтказилган хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини илмий хулосалар олишга йўналтиришга, Фанлар академияси объектларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар беришга масъул этиб белгилансин.
Фанлар академияси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг сейсмик фаол зоналарида қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартибини жорий этиш тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) Фанлар академияси томонидан Республиканинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган бино ва иншоотлар электрон техник паспортларининг ягона интеграциялашган платформасидаги маълумотлар асосида сейсмик заиф ижтимоий соҳа объектларининг рўйхатини ҳар йили 1 апрелга қадар шакллантириб бориш ҳамда инструментал-техник текширувдан ўтказиш ишларини Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ташкиллаштириш амалиёти йўлга қўйилади.
Бунда, инструментал-техник текширув ишлари учун маблағлар Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ҳисобидан қопланиши белгилансин;
в) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади ва хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.
Бунда, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кўп квартирали уй-жойларни зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказишга масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгилансин;
г) 2023 йил 1 майдан бошлаб сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий космик мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиб, мазкур йўналишдаги масъул давлат органлари космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаб борилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги мазкур тизимни йўлга қўйиш учун масъул давлат органи этиб белгилансин.
5. Фанлар академияси:
2022 йил 1 июлга қадар сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги мутахассислар ҳамда илмий доира вакилларини кенг жалб қилган ҳолда Сейсмик хатарни камайтириш дастурини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2022 йил 1 августга қадар сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаси муаммоларининг илмий ечимига қаратилган таклифларни (тематик мавзуларни) шакллантириб, Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этсин;
2023 йил 1 февралга қадар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети олимлари билан ҳамкорликда ривожланган давлатларда қўлланилаётган макросейсмик шкалаларни ўрганиб чиқиб, “UMS-22” миллий макросейсмик шкалани ишлаб чиқсин;
2022 – 2025 йиллар давомида Андижон, Тошкент, Гулистон, Нурафшон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қарши, Термиз, Нукус, Урганч шаҳарларининг рақамлаштирилган сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарини ишлаб чиқсин.
6. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб сув омборлари тўғонларида сейсмик хавфни олдиндан прогноз қилиш ва баҳолаш амалиётини жорий қилиш мақсадида:
космик мониторинг доирасида симуляцион дастур орқали зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган республика ҳудудларининг визуал 3D моделларини ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилсин;
сув омборлари тўғонлари ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизими жорий этилсин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда 2023 йил 1 февралга қадар мазкур амалиёт ва тизим ишга туширилишини таъминласин.
7. Белгилансинки, 2023 йилдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида баландлиги 9 қават ёки ундан юқори бўлган серияли қурилиши режалаштирилган ёки танлаб олинган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш, сифатини таъминлаш ҳамда камчиликларни олдиндан бартараф этиш мақсадида вибродинамик ускуна ёки замонавий рақамлаштирилган инструментал асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.
Бунда, синов ва текширувлар қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан ўтказилиши белгилаб қўйилсин.
8. Қурилиш вазирлиги 2022 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон шароитида сўнгги замонавий усулларни ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда “Кўп қаватли биноларни лойиҳалаш” шаҳарсозлик нормалари
ва қоидаларини илмий-тадқиқот ва тажриба-синов натижалари асосида ишлаб чиқиш жараёни бўйича Кенгашга ахборот киритсин.
9. Транспорт вазирлиги:
а) 2022 йил 1 декабрга қадар:
республикадаги барча сунъий иншоотларни (кўприклар, тоннеллар, эстакадалар, темир йўл кўприклари ва бошқалар) хатловдан ўтказсин ва унинг натижаларини умумлаштириб, ягона рақамлаштирилган маълумотлар базасини ташкил этсин;
аниқланган эгасиз сунъий иншоотларни идоравий мансублиги бўйича бириктириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
б) 2023 йил 1 мартга қадар республикадаги барча мавжуд сунъий иншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича электрон техник паспортларни шакллантирсин ҳамда уларнинг Республиканинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган бино ва иншоотлар электрон техник паспортларининг ягона интеграциялашган платформасига киритилишини таъминласин.
10. Сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ:
2022 йил 1 августга қадар биринчи босқичда 2022 – 2023 йилларда I ва II синфга кирувчи 32 та, иккинчи босқичда 2024 – 2025 йилларда III ва IV синфга кирувчи 26 та сув омборларида сейсмологик кузатувларни олиб бориш учун зарур асбоб-ускуналар харидини амалга ошириш бўйича асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар тасарруфидаги тоифаланган сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг зилзилабардошлик бўйича экспертизаси экспресс услубиёт асосида ўтказилишини таъминласин.
11. 2022 йил 1 августга қадар Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида мавжуд штат бирликлари доирасида сейсмологик кузатувни доимий ташкиллаштириш бўйича мутахассис лавозими жорий этилсин;
Сув хўжалиги вазирлиги мазкур штат бирлигига соҳа бўйича тажрибага эга бўлган мутахассис кадрни тайинлаш чорасини кўрсин.
12. Қуйидагилар:
а) Кенгаш томонидан тасдиқланган режа-график асосида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги сув омборларида сейсмологик кузатувларни ўтказиш бўйича харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари сув омборларида сейсмологик кузатувларни ўтказиш учун маблағларни ўз вақтида ажратиб борилишини таъминласин;
б) Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлигининг буюртмасига асосан сейсмологик кузатувларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминласин.
13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
а) сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат органлари раҳбар кадрлари ва ходимларининг Аҳолининг барча қатламларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа орқали малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ўтказиб борилади.
Бунда, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари раҳбар кадрларнинг аҳолига зилзилалар вақтида ўзини тутиш қоидаларини тушунтириш, кучли зилзилалардан талафотларсиз чиқиш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш бўйича кўникмаларини оширишга йўналтирилади;
б) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академияси:
ҳар уч йилда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиб боради;
миллий электрон платформага малака ошириш бўйича замонавий дастурларни ишлаб чиқиб, киритади ва мунтазам равишда янгилаб боради.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар миллий электрон платформанинг юритилиши ҳамда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш тартибини тасдиқласин ва амалга киритсин.
14. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 августга қадар аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг тўғри ҳаракат қилишга мустақил ўргатиш учун мўлжалланган мобил иловани ишлаб чиқсин;
2023 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси аҳолисини зилзилага тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш йўналишида малакали кадрларни тайёрлаш тизимини ҳудудлар кесимида кенгайтириш мақсадида:
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Фарғона политехника институтида “Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги” таълим мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда мазкур таълим мутахассислиги бўйича қабул кўрсаткичларини 2022/2023 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрларига амалдаги квоталар доирасида киритиш чораларини кўрсин.
16. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб “Тарихий обидаларнинг сейсмик мустаҳкамлиги” таълим мутахассислигини очиш;
2022 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида зилзилалар кўп учрайдиган хавфли ҳудудлар учун турли хил даражадаги табиий офатлар сценарийларининг замонавий компьютер моделларини ҳамда кўрилган зарарларни ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув дастурларига киритиш;
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Бино ва иншоотларни замонавий компьютер дастурлари ёрдамида моделлаштириш” фани бўйича олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун интенсив курсларни ташкил этиш.
17. Қуйидагилар:
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида грунтли иншоотлар, сув омборларининг тўғонлари, асос ва пойдеворларни зилзилабардошлик бўйича замонавий рақамли ҳисоблаш усуллари ва дастурлари (Plaxis, Ansys, Abaqus ва бошқалар) ёрдамида баҳолашга мўлжалланган “Сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг зилзилабардошлигини баҳолаш” ўқув-илмий лабораторияси;
Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича техник ҳолатини баҳолаш, актив сейсмик ҳимоялаш усуллари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган “Бино ва иншоотларни сейсмик ҳимоялаш” ўқув-илмий лабораторияси ташкил этилсин.
Белгилансинки, ўқув-илмий лабораторияларнинг штат бирликлари “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамда Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг профессор-ўқитувчиларини мақбуллаштириш ҳисобидан жамланади.
Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг асосланган таклифларига мувофиқ ўқув-илмий лабораторияларни зарур жиҳозлар билан босқичма-босқич Жамғарма маблағлари ҳисобидан таъминлаш чораларини кўрсин.
18. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида соҳа ходимлари ва Кенгаш аъзоларидан иборат делегацияни шакллантириб, хорижий мамлакатларга қисқа муддатли таништирув-стажировка курсларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, таништирув-стажировка курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплансин.
19. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги:
2022 йил 1 декабрга қадар Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда республикадаги сейсмик фаол, ўрта фаол ва тинч ҳудудлар ҳамда майдонларни ўзида мужассамлаштирган интерактив онлайн-харитани ишлаб чиқсин;
2023 йил 1 августга қадар сейсмик фаол зоналарда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизимини яратсин.
20. Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти учун ажратилган ер майдонида алоҳида маъмурий ва лаборатория биносини қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Фанлар академияси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига мазкур бандда назарда тутилган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш бўйича таклифларни тақдим этсин.
21. Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган лаборатория асбоб-ускуналари, ҳисоблаш техника воситалари ҳамда бутловчи материалларини қабул қилувчи ташкилотлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) 3 йил муддатга озод қилинсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
23. Фанлар академияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкиллаштиришга масъул ва шахсий жавобгар этиб фавқулодда вазиятлар вазири А.Х.Қўлдошев, қурилиш вазири Б.И.Закиров, сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев ва Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев белгилансин.
Фармон ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 30 май
Манба: ЎзА