Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

2022-05-30 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечиш орқали соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида:

1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2022 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан жами 2 550 минг тонна буғдойнинг:

1 783,5 минг тоннасини товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тоннасини уруғлик учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан харид қилиш;

500 минг тоннасини фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар (кейинги ўринларда – буғдой етиштирувчилар) томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил ҳосили учун:

а) “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар товар буғдойни Жамғарма номидан буғдой етиштирувчилардан сотиб олиш, сақлаш, шунингдек, харидорларга жўнатиш тадбирларини амалга ошириш бўйича тижорат вакили ҳисобланади;

б) давлат ресурсларига харид қилинган товар буғдой учун тўловлар буғдой етиштирувчиларга тижорат вакили томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги босқичларда амалда оширилади:

дастлабки босқичда – Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган нархларда;

кейинги босқичда – биржада шаклланган ўртача нархдан (ўртача котировкадан) келиб чиқиб, буғдой етиштирувчилар билан тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади;

в) буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой 2022 йилнинг июль-август ойларида биржа савдолари орқали сотилади. Бунда:

буғдойни ташиш (шу жумладан, ички ташиш), қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга жўнатиш харажатлари тижорат вакили ва буғдой етиштирувчилар ўртасида тузилган шартнома шартларидан келиб чиқиб, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади;

буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартиб асосида ҳисобдан чиқарилади;

буғдойнинг сифати ва сақланиши бўйича назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган ва буғдой етиштирувчилардан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган:

3 ва ундан юқори синфлардаги буғдой – мулкчилик шаклидан қатъи назар, биржадан харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги унни биржа савдолари орқали сотиш мажбуриятини олган,
ун ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига;

4- ва 5-синфлардаги буғдой – барча тадбиркорлик субъектларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган график асосида биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади.

Вазирлар Маҳкамасига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган таклифи асосида мазкур бандда назарда тутилган тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2023 йил 1 майга қадар Вазирлар Маҳкамасига мазкур бандда назарда тутилган тартибни 2023 йил ҳосили учун сақлаб қолиш ёки биржа савдоларини чекловларсиз ташкил этиш юзасидан таклиф киритсин.

4. Молия вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналарга биржадан буғдой сотиб олиш учун револьвер кредитларни молиялаштириш мақсадида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 800 миллиард сўмгача тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс жойлаштирилишини таъминласин.

5. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда буғдой етиштирувчилар томонидан етиштирилган буғдойни харид қилиш, вақтинчалик сақлашга қабул қилиш бўйича Жамғарма ва тижорат вакили ўртасида тузиладиган шартномаларнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ҳамда амалиётга жорий этилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг олис, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизидан ошмаган қисмини маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

7. Жамғарма томонидан харид қилинадиган ва биржа савдолари орқали сотиладиган буғдойнинг ҳисобини юритиш, харидорлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий бошқармаларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига Жамғармага қўшимча 6 та штат бирлиги ажратилсин.

8. Ғаллани сотиб олиш ва сотишда янги тизим шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда буғдой етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлаш, ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш бўйича Республика штаби иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Республика штабининг (Н.Йўлдошев) асосий вазифалари этиб белгилансин:

буғдойни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш ва бошоқли дон экинлари етиштирилишини молиялаштириш устидан назорат механизмини такомиллаштириш бўйича таклиф тайёрлаш;

ғаллани ўз вақтида йиғиштириб олиш, даладан дон қабул қилиш шохобчаларига нест-нобуд қилмасдан олиб келиш ва график асосида биржа савдоларига чиқариш ишларини ташкил этиш;

тақчилликка йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги истеъмол талаби учун зарур бўлган ун ва ун маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан ва четдан олиб келиш ҳамда “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари сақлаб қолинишини назорат қилиш;

ғаллани тасдиқланган график асосида биржа савдоларига чиқариш ҳамда тўловларнинг амалга оширилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш;

ғаллани сотиб олиш ва сотиш бўйича янги тизим шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда буғдой етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлаш.

9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўздонмаҳсулот” АК манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда уч ой муддатда донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни, шунингдек, Жамғарма, тижорат вакили ва буғдой етиштирувчилар ўртасидаги молиявий ҳисоб-китоблар тезкор ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида d-xarid.uz ахборот тизимини ишга туширсин.

10. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини назарда тутувчи қарорни ишлаб чиқсин.

11. Молия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, молия вазири Т.Ишметов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 28 май

Манба: ЎзА

Поделиться