Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазоев сингапурлик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда Ами руҳий саломатлик бўйича стартап ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритдилар. Инвестициялар ҳажми 3 миллион долларни ташкил этди.
Лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.
Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган, негаки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган.
"Биз Ами жамоасининг иштиёқи ва истеъдодидан ҳайратдамиз. Уларнинг Осиё аҳолисига руҳий саломатликларини сақлаш йўлида яна бир усул тақдим этиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқчимиз", деди Сунита Парасураман, “Meta” компаниясининг инвеститсиялар бўлими раҳбари.
Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ами стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа асосчилари, жамиятда руҳий саломатлик аҳамияти ҳақидаги билимларни оширишни ўзлари учун олий мақсад деб билишади.
Молиялаштириш босқичида Метаъга инвесторлардан “Goodwater Capital” (“Kakao”, “Coupang” va “Viva Republica”), “Strong Ventures”, “January Capital” va “Collaborative Fund” келиб қўшилди.
Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазаев томонидан, шунингдек, IT Парк учун маҳорат дарслари ўтказилган.
Платформанинг ишлаш усули
Рўйхатдан ўтиш жараёнида фойдаланувчилар махсус формани тўлдириш жараёнида ўзларини энг кўп ташвишлантираётган масалалар ҳақида маълумот киритадилар. Олинган маълумотларга кўра, платформа уларни керакли шифокор билан боғлайди ва шу тариқа мутахассисдан зарур психологик ёрдам олинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги