ИҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги “ақлий ҳужум” тўғрисида
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Теҳрондаги бош-қароргоҳида илк бор аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида ИҲТни ислоҳ қилиш жараёни, шунингдек, минтақада савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган “ақлий ҳужум” бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил ноябр ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ саммитида эълон қилинган ташаббуси доирасида ташкил этилган бўлиб, мазкур ашкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини ташкил этади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов раислигидаги йиғилишда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий табрик нутқи билан сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбариятининг юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ташаббуси барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватлангани ва ИҲТнинг доимий вакиллар Кенгаши мажлисида расман маъқуллангани учун миннатдорлик билдирди.
«Бундай шаклдаги мулоқот Ташкилот тарихида биринчи бор ўтказилаётган бўлиб, бу савдо, инвестиция ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга янги суръат бағишлаш мақсадида ташкил этилган».
Муҳокамаларда ИҲТнинг минтақалараро савдосини кенгайтириш, тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш, янги эркин савдо битимини ишлаб чиқиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк оқимларининг тўсиқсиз транзитини таъминлаш масалаларига бағишланди.
Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон ҳукуматининг янгиланган ва кенг қамровли ИҲТ савдо Битимини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш, Савдо, инвестициялар ва инноватсиялар марказини ташкил этиш, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтириш бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш юзасидан амалий таклифларининг долзарблиги муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги