Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қозоғистон спорт вазирлари дўстона алоқаларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
2022-05-20 | Спорт
Маълумки, айни кунларда ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарлари Тошкентда бўлиб туришибди. Бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг спорт вазирлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Даурен Абаев ҳамда унинг ўринбосари Серик Жарасбаев иштирок этишди.
Самимий руҳда ўтган учрашув давомида Адҳам Икрамов Президентимиз томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спорт тараққиёти, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Маълумки, ҳар икки мамлакат спорт соҳасида нафақат қитъамиз, балки жаҳонда ўз мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда. Учрашувда ҳамкорликдаги ривожланиш стратегияларини кўриб чиқиш, дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича сўз борди. Бу борада йирик комплекс мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари олдидан ҳар икки мамлакат терма жамоалари иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, илм-фан ва тиббиёт соҳаларида эришилган ютуқларни баҳам кўриш, мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси