Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

2022-05-18 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Давлат тиббиёт муассасалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори самарали меҳнатга интилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ўз касбий даражасини ошириб боришдан манфаатдорлигини таъминлаш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки, 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга;

иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга;

тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилади.

Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

2. 2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгилансин:

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкологик, руҳий, наркологик, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган тиббиёт муассасаларида – умумий харажатларнинг 10 фоизи;

республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида – умумий харажатларнинг 5 фоизи.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағларининг 75 фоизи гуруҳидан қатъи назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи – тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилади.

Бунда:

ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;

янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;

оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма маблағлари ҳисобидан тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини тасдиқласин.

3. Тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ҳафта муддатда юқори технологик мураккаб операциялар рўйхатини тасдиқласин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда даволаш-профилактика муассасаларининг илмий даражага эга бўлган ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин;

б) барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда тиббиёт ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағларни доимий равишда тиббиёт муассасаларининг харажатлар сметасида кўзда тутилишини таъминласин.

5. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоизМўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бунда, мазкур бандда кўрсатилган устамани олиш учун шифокор бошқа ҳудудда камида икки йил ишлаган ҳамда камида иккинчи даражали малака тоифасига эга бўлган бўлиши лозим.

6. Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан:

тиббиёт ходимларининг машаққатли ва шарафли фаолияти тасвирланган бадиий, саҳна ва кино асарларини ҳамда сериалларни кўпайтирсин;

тиббиёт ходимларини йилда бир марта театр ва концерт томошаларига бепул олиб бориш тизимини ташкил этсин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар тиббиёт муассасаларининг бошқа (бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи) ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тариф разрядларини уларнинг иш стажи ва малака тоифасини инобатга олган ҳолда тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПФ-6221-сон фармонида марказий туман (шаҳар) шифохоналари ўрин фондининг бюджетдан ташқари ўрин фондига ўтказилиши белгиланган қисми учун Давлат бюджетидан молиялаштириш тартибини сақлаб қолиш ҳисобига эҳтиёждан келиб чиқиб (бундан шошилинч, болалар, юқумли касалликлар, туғуруқ ҳамда гемодиализ ўринлари мустасно), тор ихтисосликдаги неврология, кардиология ҳамда эндокринология ўринлари ташкил этилсин.

9. Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур фармон билан белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун:

икки ой муддатда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағлар кўзда тутилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 17 май 

Манба: ЎзА

Поделиться