Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳрида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми бошланди
2022-05-11 | Сиёсат
2022 йил 11 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги доирасида “Халқ дипломатияси – тараққиёт учун ўзаро англашув” мавзусида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми ўз ишини бошлади.
Тадбирда халқаро ташкилотлар, ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари, нодавлат тузилмалар ва илмий-таҳлил марказлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар.
Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов қайд этганидек, очиқлик ва холислик каби хусусиятлари билан ажралиб турувчи халқ дипломатияси замонавий жамиятда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони ШҲТга раислик доирасида маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро англашув, ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича ушбу механизмни ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда.
Шунингдек, В.Норов Марказий Осиё Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўзаги бўлган ҳолда, ШҲТ маконининг фаравонлиги ва ривожланишида ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу маънода Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақа мамлакатлари билан ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили Тошкент шаҳрида ташкил этилган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази фаолияти алоҳида қайд этилди. Мазкур тузилма қисқа вақт ичида Ташкилот тизимида муносиб ўрин эгаллаб, Хитой, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларнинг шу каби муассасалари билан яқин алоқалар ўрнатгани эътироф этилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги ва республикамиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни юксак баҳоладилар. Хусусан, делегатсиялар ШҲТга аъзо давлатлардаги ёш авлод салоҳиятини самарали рўёбга чиқариш, ҳар йили ШҲТ маданий ва сайёҳлик пойтахти мақомини бериш амалиётини жорий этиш, “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтини ташкил этиш ва мамлакатимизнинг бошқа таклифларини қўллаб-қувватладилар.
ШҲТ ҳозирги босқичда тамаддунлараро мулоқотни ривожлантиришга фаол кўмаклашаётгани, турли маданият ва анъаналарга эга халқлар ўртасида “кўприклар”ни бунёд этаётгани таъкидланди. Маданият, таълим, туризм, ёшлар ва гендер сиёсати соҳаларидаги ҳамкорлик механизмлари, ШҲТ халқаро марафонлари ва “ШҲТнинг саккиз мўжизаси” кўргазмалари мамлакатларимизнинг тарихий ва маданий қадриятларини очиб бериш ва тарғиб этишга самарали хизмат қилаётгани қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТ Халқ дипломатияси форуми, унинг доирасида ишлаб чиқилган ғоя ва лойиҳалар мамлакатларимизни янада яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлишини бир овоздан таъкидладилар.
*****
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норовнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинги ҳам бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги