2022 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Рим шаҳрида Италия Республикаси ҳукуматининг Афғонистон ва Яман бўйича Махсус вакили Жанфранко Петрутселла билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Италиянинг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, ушбу мамлакатга инсонпарварлик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Ж.Петрутселла Ўзбекистоннинг Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва унга инсонпарварлик етказишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишда Италиянинг Ўзбекистон томони билан бундан кейин ҳам фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилинди.
Учрашувда Афғонистондаги мавжуд вазият, мамлакатнинг янги ҳукумати ва гуманитар инқирознинг олдини олишга нисбатан халқаро ҳамжамиятнинг умумий Позициясини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистон масаласи бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришдан Ўзбекистон ва Италиянинг ўзаро манфаатдорлиги билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги