Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотида ўтказилган музокаралар тўғрисида
2022-05-11 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов бошчилигидаги делегация Италияга ташрифи доирасида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотида (ФАО) музокаралар ўтказди.
Кун тартибида аграр соҳада Ўзбекистон ва ФАО ўртасида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, билим ва инновацияларни жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа масалаларда ҳамкорликни кенгайтиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида ФАО бош директорининг биринчи ўринбосари Бет Бекдол ўтган икки йилда Ўзбекистоннинг Европа учун 32 Минтақавий конференциясида раислиги даврида амалга оширилган самарали саъй-ҳаракатларни юқори қадрлашини маълум қилди.
Мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини рўёбга чиқаришда ФАО томонидан кенг қиррали шерикликка тайёр эканлиги билдирилди.
Келгусида минтақада Орол денгизи фожеаси оқибатларини юмшатиш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳага инвеститсияларни жалб қилиш масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, томонлар жорий йил июн ойида ФАО бош қароргоҳида ўзбек маданияти, анъаналари ва меҳмондўстлигини ўзида яққол намоён этадиган “Uzbekistan Lounge” миллий хонасининг очилиш маросимини ўтказишга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги