Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилояти тадбиркорлари ва экспортчиларига кўмак берилмоқда
2022-05-06 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва уни янада рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида ушбу ҳудудга йўл олди.
Вилоятга ташриф давомида Фарғонадаги "Тадбиркорлар саройи"да ҳудуд ишбилармонлари билан учрашув ташкил этилди. Унда вилоят тадбиркорлари ва экспортчилари хўжалик фаолияти жараёнида дуч келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш жараёнида дуч келинган хусусий ва тизимли тусдаги масалаларни муҳокамага қўйиш имконига эга бўлган 300 дан ортиқ тадбиркорлар қатнашди.
Бундай масалалар доирасига асосан инвестициявий лойиҳалар ташаббускорлари ва тижорат банклари томонидан экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш, ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган турли сертификат ва рухсатномаларни олиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш билан боғлиқ муаммолар ҳамда бошқа долзарб масалалар киради.
Ҳар бир муаммо вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларини жалб этган ҳолда ўрганилиб, таҳлил қилинди. Уларни амалий ҳал этиш механизмлари ишлаб чиқилиб, ижро этиш муддатлари аниқ белгиланган ҳолда комплекс ечимини таъминлаш бўйича тегишли раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди.
Тизимли характердаги муаммоли вазиятларни ҳал қилиш тажрибаси Ҳукумат комиссияси даражасида аниқ алгоритмларни ёйиш ва кейинчалик уларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш учун қабул қилинди.
Учрашув давомида тадбиркорларнинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича конструктив таклифлари ҳам батафсил кўриб чиқилди, уларнинг аксарияти ўрганиш, таҳлил қилиш ва келгусида ҳаётга татбиқ этиш учун қабул қилинди.
Учрашув иштирокчилари тўғридан-тўғри мулоқотнинг ушбу форматини мамнуният билан қабул қилиб, ҳукумат вакиллари ва бизнес олами ўртасидаги мунтазам мулоқот ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар.
Учрашув ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда узатилди. Бу тадбиркор ва экспортчиларга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифалари орқали Ҳукумат комиссияси раҳбариятига ўз саволларини масофадан туриб йўллаш имконини берди. Барча келиб тушган мурожаатлар ўзининг аниқ ечимларини топиб, назоратга олинди.
Шунингдек, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига ишбилармон доиралар билан доимий ва тизимли ҳамкорлик қилиш борасида фаол чораларни кўриш, юзага келадиган барча масалаларни зудлик билан ҳал қилиш ва келиб тушаётган мурожаатларга самарали жавоб бериш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга белгиланган масалаларни ҳал қилиш бўйича манзилли вазифалар юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси белгиланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги