Жорий йил муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларни миллий армиямизда қўлланиладиган қурол-аслаҳалар, жанговар ва ҳарбий техникалар, ҳарбий хизматчиларга белгиланган таъминот меъёрлари билан яқиндан таништириш мақсадида “Нукус” умумқўшин полигонида кўргазмали ўқув машғулоти ташкил этилди.
Ташкил этилган 5 та ўқув жойи ва 22 та ўқув нуқтасида тажрибали офицер ва сержантлар машғулотлар орқали аскарларга ўқотар қуроллар, жанговар, ҳарбий ва махсус техникаларнинг вазифаси, алоқа, тиббий ёрдам кўрсатиш техника ва воситалари, муҳандислик қурол ва анжомларининг қўлланилиши ҳамда улардан фойдаланилганда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, ҳарбий хизматчиларга белгиланган озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти меъёрлари, дала шароитида овқат тайёрлаш учун белгиланган жиҳозлар ҳақида батафсил тегишли маълумотларни етказишди.
Шундан сўнг ўқотар қуроллар ва жанговар техникалар ёрдамида кўргазмали ўқ отиш машғулотлари намойиш этилди.
Биринчи ўқув нуқтада мотоўқчи ва махсус бўлинмалар учун мўлжалланган ўқотар қуроллардан, иккинчи ўқув нуқтада гранатомёт, зенит ва артиллерия тўплари, зирҳли транспортёрдан нишонларни аниқ мўлжалга олиб отилган ўқ ва снарядлар эндигина армия сафларини тўлдирган ёшларда катта таассуротлар қолдирди.
Кўргазмали машғулотлардан сўнг муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам биринчи маротаба автоматдан амалда машқ бажаришди. 100 ва 200 метр узоқликдаги нишонлар аскарларнинг амалий машғулотлардаги илк кўникмаларини шакллантириш учун дастлабки марра вазифасини ўтади.
Қуролни ўқ отишга ҳозирлаш, уни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ-дориларни ўқдонга жойлаштириш бўйича ўқув нуқталаридаги машғулотлар эндигина ҳарбий хизматга келган аскарларнинг билимга чанқоқ, дастлабки ҳарбий кўникмаларни эгаллашга қизиқиши баланд эканлигини намойиш этди.
Таъкидлаш керакки, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар билан бу каби машғулотлар барча ҳарбий округларда бўлиб ўтмоқда. Хусусан Марказий ҳарбий округ қўшинларида йигитлик бурчини ўташ учун янги келган муддатли ҳарбий хизматчиларга “Каттақўрғон” ҳамда “Фориш” полигонларида, қурол-аслаҳа ва техникларнинг кўргазмаси ўтказилиб, уларнинг жанговар имкониятлари ва тактик-техник тавсифлари ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги