Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш масалалари бўйича вазифалар белгилаб олинди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати, тизимидаги корхона, ташкилот ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган мажлисда жорий йилнинг 14 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ахборот технологиялари соҳасида эришилган натижалар ва 2022 йилга мўлжалланган вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига берилган топшириқлар ижроси юзасидан вазифалар кўриб чиқилди.
Мажлисда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида Вазирлик ҳамда соҳа корхоналари томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, ИТ Парк резидентлари экспорт ҳажми 4 баробарга ошиб, 16 миллион долларга етганлиги, 2,8 мингга яқин мобил алоқа таянч станциялари ўрнатилганлиги, шунингдек, ИТ Парк резидентлари томонидан 1,5 мингга яқин иш ўрни яратилганлиги ва бунинг натижасида уларнинг умумий сони 11,5 мингтага етганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов бундай мисолларни кўп келтирди.
- 2019 йилда IT-Парк резидентларида атиги 4000 нафар одам ишлаган бўлса, ҳозир 11,5 мингта мутахассис бўлди, лекин бу жуда кам деб, йиғилишда Президентимиз янги вазифа қўйди. Бундан буёғи энг катта мақсадимиз экспорт билан юқори маошли ишчи ўринлар яратишдир. Йилнинг охиригача бу кўрсаткични 15 мингга, кейинги йил 30 мингга, ундан кейин 50 мингга чиқаришимиз керак. Бу катта вазифа. Шунинг учун ҳаммамиз ишлашимиз керак. Бундан ташқари «айти соҳаси»да ўзини-ўзи банд қилган шахслар 20 мингга етди. Йилнинг охиригача 23800, деярли 24000 одам бўлади. Буни ҳам кўпайтиришимиз лозим. Жойларда ҳудудимиз раҳбарлари шу одамларни ҳам билиши, ўрганиши, керак бўлса учрашувлар ўтказиши лозим. 20 минг одам, 20 минг ишчи кучи катта рақам. Асосий вазифамиз — Ўзбекистонни минтақавий айти-марказга айлантириш асосий мақсадга ҳамма бирлашиши керак, - деди АКТ вазири.
Хусусан, АКТ вазири Ш.Шерматов Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Вазирлик олдига Ўзбекистонни минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш, жорий йил охиригача IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 100 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратди.
АКТ вазири мамлакатимизни IT -марказга айлантириш учун, энг аввало, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, такомиллаштириш зарурлигини қайд этиб, кейинги босқичда ана шу инфратузилмани ишлатиш учун кадрлар таёрлаш даражасини юқори босқичга кўтариш кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида IT мутахассислар ва компаниялар учун замонавий шарт-шароитларни яратиб бериш лозимлигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг юқори ҳақ тўланадиган IT-касбларини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, шу мақсадда мамлакатимиз бўйлаб масофавий хизмат кўрсатиш марказлари (БПО-марказлари)ни босқичма-босқич ташкил этиш чораларини кўриш, эришилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар ҳар қанча яхши бўлмасин, бу билан чегараланиб қолмасдан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожлантириш доирасида ҳали кўплаб ишлар қилиниши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Ҳай’ат мажлисида АКТ вазир ўринбосарларининг ҳам ҳисоботлари тингланди.
АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос IT-тадбиркорлик, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, ҳудудлар ва тармоқларни янада рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Хусусан, биринчи ярим йил якунига қадар тизимга 30 та, йил охирига қадар эса 40 та давлат хизматини жорий этиш ва шу орқали улар сонини 376 тага етказиш, онлайн форматдаги давлат хизматларидан фойдаланувчилар сонини 1,5 миллиондан 4 миллион кишига ошириш режалаштирилган.
Мажлисда телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида АКТ вазири ўринбосари Ж. Махсудовнинг ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, йил охиригача 800 мингга яқин хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш, оптик толали интернет қамровини 75 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, магистрал йўлларнинг мобил алоқа билан қопланишини 60 фоизга етказиш, 80 та қишлоқ аҳоли пунктини интернет алоқаси билан қамраб олиш ишларини жадаллаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон почтаси” АЖ фаолиятини сифат жиҳатидан ўзгартириш ишлари амалга оширилайтганлигини, ўзгаришлар “Ўзбектелеком” АКга ҳам таъсир қилишини, режаларга кўра, компания келажакда ИПО ўтказишини, яъни компания аксиялари халқаро фонд бозорларига қўйилиши мумкинлиги таъкидланди.
Мажлисда IT-таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Тошкент ахборот технологиялари университетини илмий-таълим кластерига айлантириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Унда IT-маҳсулотлар ва хизматларини экспорт қилишга йўналтирилган халқаро компаниялар билан ишлашга мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланди.
Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида кўтарилган масалалар юзасидан вазирликнинг тегишли ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги