Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2022-04-19 | Иқтисодиёт
Ар-Риёд шаҳрида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги 40 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, “Al-Habib Medical Group” ва бошқа етакчи компаниялари билан лойиҳалар муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилди ва амалга оширишда давом этмоқда. Шу билан бирга, инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун фойдаланилмаган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, томонлар кимё, металлургия, тоғ - кон ва тўқимачилик саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар ва ушбу лойиҳаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари вакилларини жалб қилиш юзасидан биргаликда ишлашга келишиб олдилар.
Саудия Арабистони компанияларининг Ўзбекистон энергетика соҳасидаги муваффақиятини юксалтириш борасида навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни қисқа вақда якунлаш ва қурилаётган ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича таклифлар алмашдилар.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида инновацион ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни назарда тутувчи алоҳида инвестиция портфелини шакллантиришга келишиб олдилар. Шунингдек, тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида жорий йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар соҳасида келишувни назорат қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши ҳамда Ўзбекистон-Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгашининг 3-йиғилишида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, келишилган лойиҳа ва ташаббусларни янада фаол илгари суриш юзасидан бир қатор масалалар устида иш олиб борилди.
Ўзбекистон-Саудия Арабистони инвестициявий шериклигини янада кенгайтиришни назарда тутган ҳолда 2021 йилда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил қилинган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси ҳамда бугунги кунгача Ўзбекистонда ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш учун қарийб 200 миллион доллар ажратган Саудия тараққиёт жамғармаси имкониятлари қайд этилди. Томонлар юқорида қайд этилган молия институтларининг ресурсларини жалб этган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари устида иш олиб боришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатлар кесишувининг янги нуқталарини кашф этишга ҳамда ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кейнги қўшма ҳаракатлар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги