Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ҳамкорлик учун самарали платформадир
2022-04-15 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 15 апрель куни видеоконференция шаклида "Марказий Осиё + Япония" Мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Япония, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари вакиллари ва ташқи ишлар идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси номидан йиғилишда Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков қатнашди.
Ушбу платформанинг асосий вазифалари сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Япония ва япон компанияларининг Марказий Осиёдаги мавқеини мустаҳкамлаш, минтақа давлатлари билан маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришдан иборат. Кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сиёсий мулоқот, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал мулоқот, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва инсон капитали алмашинувидир. Шунингдек, мулоқот доирасида минтақада терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш, минтақавий хавфсизлик, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика ресурслари, транспорт ва логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм, савдо ва инвестицияларни кўпайтириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилиб келишиб олинмоқда.
Йиғилиш кун тартибида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, COVID-19 пандемиясига қарши курашиш, чегара назоратини кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда иштирок этган мамлакатлар вакиллари ўз чиқишларида Япония билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати тўғрисида сўзлаб бердилар, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидаги долзарб масалаларни белгилаб олдилар, шунингдек, муносабатларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифларни илгари сурдилар.
С.Умурзаков учрашув иштирокчиларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳамкорликни фаоллаштириш ва Мулоқот кун тартибини кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади. У Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилди, шунингдек, Мулоқот доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан энг муҳим йўналишлар, жумладан, Япониянинг илғор тажрибасини жорий этиш, қўшма фармацевтика кластерлари ва ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаларини ташкил этиш орқали юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, трансмиллий ва уюшган жиноятчилик, наркотрафик, кибержиноятчилик ва бошқа хавфсизлик муаммоларига қарши курашиш ҳисобига барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, янги темир ва автомобиль йўлларини қуриш ва ҳаво транспорти салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритди. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва электрон тижоратни ривожлантириш, Япония технологиялари ва ноу-хауларини жорий қилиш, "яшил иқтисодиёт"ни илгари суриш, иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш ва бошқа йўналишлар бўйича чора-тадбирлар ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Ўзбекистон томони келгусида амалга ошириш учун бир қатор янги ташаббусларни ҳам илгари сурди, жумладан Япониянинг "Бир қишлоқ – битта маҳсулот" дастури асосида камбағалликни қисқартириш бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқиш, "Марказий Осиё учун "Яшил кун тартиби" минтақавий дастурини илгари суриш, IT соҳасида ўқитиш ва малака ошириш хизматлари билан минтақа қамровини кенгайтириш ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш мақсадида 2020 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Япония рақамли Университетини Марказий Осиё рақамли университетига айлантириш ва бошқа истиқболли ғояларни билдирди.
Тадбир якунида Япония томони Марказий Осиё мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама мулоқотни кенгайтириш орқали минтақанинг барқарор ривожланишига янада ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги