Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фаол фуқаролар ташаббуси қўллаб-қувватланади
2022-04-08 | Иқтисодиёт
2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари сурилган лойиҳаларда акс эттирилган долзарб муаммоларни бартараф этиш ва фукароларниинг ушбу жараёнларда янада фаоллигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-197 сонли “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йилнинг феврал-март ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларимизни фаол иштирокини инобатга олган ҳолда ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳаларга қўшимча, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган жами 480 мингдан ортикрок овоз берилган 139 та лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча равишда республика бюджетидан 85,4 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Мазкур ажратилган маблағлар доирасида қўшимча равишда фуқаролар томонидан илгари сурилган:
76 та умумтаълим мактабларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш;
23 та маҳаллаларда ичимлик суви тизимини яхшилаш;
13 та мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш;
5 та соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳалар молиялаштирилиши белгиланди. Қўшимча равишда ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг рўйхати илова қилинади.
Маълумот учун – 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан билдирилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилганлиги ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм маблағ кўзда тутилган.
Ушбу қарор натижасида 2022 йил 1-мавсум "Ташаббусли бюджет" жараёнларида фуқаролар томонидан берилган жами 6 млн 718 мингдан ортиқ овозларнинг 4 млн 871 мингдан ортиғи, ёки жами берилган овозларнинг 72,5 фоизи ғолиб таклифларга овоз берганлар.
Шу билан бирга қарор билан:
туман ва шаҳар ҳалқ депутатлари Кенгашлари томонидан ҳар чорак якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни ўз вақтида молиялаштирилиши ва бажарилишини баҳолаб бораши;
туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 10 санасига қадар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштирилиши ва тадбирларни бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб бориши;
жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни бажарилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботларини Олий Мажлис Сенатида ҳар чорак якунида эшитиб бориш амалиёти жорий этилиши;
ғолиб деб топилган лойиҳаларни бажарилишини Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳар йили якунларига кўра якуний назоратдан ўтказиши белгиланди.
Ҳурматли фуқаролар! Ташаббусли бюджет жараёнининг келгуси мавсумларида ҳам фаол иштирок этган ҳолда ўз ҳудудингиздаги мавжуд муаммоларни бартараф этилишига хисса қўшинг, ташаббус кўрсатинг!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги