Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Учқун Муродов халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
2022-04-07 | Спорт
Хабарингиз бор, айни кунларда пойтахтимиз дзюдо бўйича Учқун Муродов хотирасига бағишланган халқаро мусобақага мезбонлик қилмоқда. Бугун “Универсал” спорт саройида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги мақомидаги мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва ўзбек дзюдосининг бир қатор номдор вакиллари иштирок этишди.
Маросимда Азизжон Камилов сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бунинг натижасида атлетларимизнинг, жумладан, дзюдочиларимизнинг халқаро майдонда қайд этаётган натижалари хусусида алоҳида тўхталди. А.Камилов мусобақани расман очиқ деб эълон қилгач, тадбирнинг бадиий қисми бўлиб ўтди.
Шунингдек, ўзбек ва жаҳон гимнастикасининг афсонаси Оксана Чусовитина мусобақанинг фахрий меҳмонлари қаторидан жой олди. Азизжон Камилов маросим давомида унга Жаҳон кубогидаги муваффақиятли иштироки учун эсдалик совғасини топширди.
Шундан сўнг иккинчи кун дастуридан ўрин олган финал блокига навбат берилди. Унда ўрта ва оғир вазн тоифасидаги ўсмир полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Ушбу кун ғолиб ва совриндорлари ҳақида келгуси хабарларимизда батафсил маълумот берамиз.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси