Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида

2022-04-06 | Жамият

Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366-сон қарори ижросини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлигини, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш йўлида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Очиқ маълумотлар турлари кенгайтирилаётгани ахборот олиш эркинлигини, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Аммо, юқорида қайд этилган Қонун ва қарор ижроси ўрганилганда, айрим вазирликлар ва идоралар томонидан ушбу ҳужжатлар талабларини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқланди.

Жумладан, Қонуннинг 5-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар ижроси, бюджет маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари, оммавий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилиши керак. Бироқ, деярли барча вилоятлар ҳокимликлари (Жиззах вилоятидан ташқари) веб-сайтида долзарб бўлган очиқ маълумотлар ва жамоатчиликни алоҳида қизиқтирадиган мавзулар бир ойдан уч ойгача янгиланмаган.

Қонуннинг 13-моддасига кўра веб-сайтларда ахборотни янгилаб бориш даврийлиги ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Бироқ, ўндан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқ маълумотлар ўн кундан бир ойгача кечиктириб эълон қилинмоқда.

Шунингдек, ўрганилган 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламаяпти. Жумладан, Андижон вилоятининг Асака, Бўстон, Булоқбоши, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Избоскан, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳри, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Юнусобод, Бектемир туманлари, Сирдарё вилоятининг Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Мирзаобод ва Ховос туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Миришкор, Нишон туманлари, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Тўрткўл, Тахиатош туманлари, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Қўшкўпир тумани, Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё туманлари, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри, Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳокимлиги сайтлари ана шундай аҳволда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги қарорига мувофиқ, 280 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органларида биринчи марта ахборот хизмати ташкил этилди. 90 дан ортиқ ташкилотда ахборот хизматлари тегишли мақом ва шарт-шароитлари билан қайта ташкил қилинди.

Бироқ, ҳалигача айрим вазирликлар ва идоралар давлатимиз раҳбарининг қарори талабларини бажармай келмоқда. Мисол учун, 3 та республика ташкилотида ахборот хизмати раҳбари ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи мақомига эга эмас. 10 та вазирлик ва идорада матбуот котиби меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилмаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларида матбуот котиби лавозими вакант. Ҳудудларда ахборот хизматларига қўшимча штатлар ажратилмаганлиги сабабли ўтказилаётган тадбирлар, янгиликлар тезкорлик билан сифатли ёритилмаётир.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига тизимда очиқлик сиёсати қониқарсизлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигига Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари ҳокимликларида ахборот хизмати фаолияти яхши ташкил этилмаганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров огоҳлантирилди.

Барча вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига Қонун ва қарор ижросига қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Муҳокама якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг баёни қабул қилинди.

Поделиться